Жаҳон | 11:15 / 10.01.2018
4800
2 дақиқада ўқилади

Венесуэла парламенти миллий криптовалюта тўғрисида қарор қабул қилди

Фото: Reuters

Венесуэла Миллий ассамблеяси ҳукматнинг миллий криптовалюта – петрони муомалага киритиш бўйича қарорини асоссиз деб топди. Шундай мазмундаги қарор якдиллик билан қабул қилинди, дейилади қонун чиқарувчи органнинг Twitter саҳифасидаги хабарда. Маълумки, Венесуэла парламенти давлат ҳукуматига мухолифат ҳисобланади. 

"Ушбу фирибгарлик сиёсатини ҳеч ким ўрганмайди ва маъқулламайди, - деган депутат Карлос Валеро. – Инфляция даражаси 2616 фоизга етиб турганида қайси криптовалюта бу муаммони ҳал эта олади?".

Ушбу ҳужжат, албатта ҳукуматни ўз қароридан воз кечишга мажбур қила олмайди. Венесуэланинг бир палатали парламенти 2017 йил июлида Конституциявий ассамблея чақирилганидан сўнг, ўзининг олий қонун чиқариш органи мақомини амалда бой берди. 

2018 йил 5 январь куни Венесуэла президенти Николас Мадуро 100 млн дона петро миллий криптовалютасини муомалага киритишга кўрсатма берди. "Ҳар бир петро Венесуэла нефтининг баррели қанча турса, шунчага баҳоланади", - деган давлат раҳбари. 

Венесуэла бир неча йил мобайнида ўткир ижтимоий-иқтисодий инқирозни бошидан кечирмоқда. Бунда нарх-навонинг ўсиши миллий валютанинг қадрсизланиши билан бирга юз бермоқда. Миллий ассамблеяга кўра, 2017 йилги инфляция даражаси 2600 фоиздан юқори бўлган.

Мавзуга оид