Ўзбекистон | 21:16 / 11.01.2018
15212
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон шахсий томорқаларида 6,5 млн тонна ҳосил олиш мумкин

Ўзбекистондаги шахсий томорқаларда эртаги, ўртаги ва тўқсонбости усулида ҳосил олишга эришилса, қарийб 6,5 млн тонна ҳосил олиш имкони пайдо бўлади. Рақамларда айтилса, салкам 7 трлн сўм қўшимча даромад деганидир. Халқаро Пресс-клубнинг 11 январдаги сессиясида шу ҳақда сўз борди. Шу мақсадда туманлар ва қишлоқлардаги шахсий томорқаларни хатловдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. 

“Статистик маълумотларга кўра, 2017 йилда томорқаларда 2 млн 700 минг тонна атрофида сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилган. Бу томорқа катта даромад манбаи эканини исботламоқда. Яъни одамларнинг истеъмол саватчаси, оила бюджети бойишини ва турли тўловларни ўз вақтида тўлашини англатади”, - деди Олий Мажлис Сенатининг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси аъзоси Баҳодир Юсупов. 

Фото: Халқаро пресс клуб

Унинг айтишича, бугунги кунда ҳар бир қишлоқ хонадони ўрганилиб, маълум бир аҳоли пунктига қанча помидор кўчат кераклиги, бошқа бирига картошка уруғи лозимлиги ҳисоб-китоб қилинади. Шундан сўнг, туман ҳокимлари олдида навбатдаги вазифа турадики, у ҳам бўлса, шахсий томорқасига экин эккан фуқаронинг уйидан ҳосилни марказлаштирилган ҳолда олиб кетиб, ҳосилнинг пулини пластик карточкасига ўтказишни таъминлашдир. Агар шундай тизим йўлга қўйилса, одамларда томорқаларидан фойдаланишда манфаатдорликлари ошади, уларга деҳқончилик қилишларига туртки бўлади. 

Мавзуга оид