Жамият | 11:42 / 15.01.2018
17158
3 дақиқада ўқилади

Хоразмда ука ўз акасини пичоқлади

Болалигида ҳамма орзулар осмонида учиб юради. Катта одам бўлишни, машина олишни, чиройли уйларда яшашни орзу қилади. Лекин ҳеч ким жиноят қиламан, деб орзу қилмаса керак. Бироқ ҳаётда енгил йўлни танлаш, турмуш қийинчиликларига дош бера олмаслик ва бошқа сабаблар таъсирида айрим кишилар жиноятга мойил бўлиб қоладилар.

1973 йилда туғилган Сардор Эшимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) болалигида ота-онадан етим қолиб, болалар уйида катта бўлган. У биринчи марта суднинг қора курсисига ўтирганида 17 ёшда эди. Оқ-қорани ажратмайдиган, ғўр ўсмирнинг жиноят кўчасига кириши кўпчиликни ҳушёр торттирди. Ўшанда унга уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди. Жазодан бир йилдан сўнг, муддатидан олдин озод қилинди. Аммо у ўзига берилган имкониятдан фойдалана олмади. Яна икки марта судланди. 2001 йилда амнистия акти асосида жазодан озод қилинган Сардор фойдали иш қилмади. На оила қурди, на бирон касб-ҳунарнинг этагидан тутди. Акасининг ҳисобига яшаб келди. Устига-устак спиртли ичимликларга ружу қўйди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Бу воқеа содир бўлган кунда ҳам Сардор маст эди. Ўша куни тун пайти қўшниси Д.Ражапов пул бериб, ароқ олиб келишни сўради. Сардор ароқ ва нон олиб келди. Бирга спиртли ичимлик ичиб ўтиришганида акаси М.Эшимов келиб қолди.

-  Қачонгача ароққа бошингни ювасан? Ундан кўра фойдали иш билан шуғуллансанг бўлмайдими? Нима учун сени боқишим керак? 

Аканинг бу танбеҳи укага малол келди. Қўлидаги пичоқни унга тиқиб олди. Қўрқиб кетган Д.Ражапов Сардорнинг қўлидан пичоқни олмоқчи бўлди. Бироқ пичоқ унинг кўкрагига қадалиб, ҳушини йўқотди.

Акаси ва қўшнисининг ҳушсиз ётганидан уларни ўлган, деб гумон қилган Сардор бир муддат бошини ушлаб ўтирди. Кейин қўшниларникига чиқиб, бўлган воқеани айтиб берди. Қўшниси тез ёрдамга ва ички ишлар бўлимига қўнғироқ қилди.

М.Эшимов шифокорлар кўмагида ўз саломатлигини тиклади. Д.Ражапов эса оғир жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди, гапириш қобилиятини йўқотди.

Суд ҳукми билан С.Эшимов ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. 

Инсон жамиятда яшар экан, атрофдагилар билан ҳисоблашишга ўрганиши лозим. Қўни-қўшни, маҳалла-кўй ҳам шу ҳудуддаги ҳар бир кишининг хатти-ҳаракатини кузатиб бориши, хатога йўл қўйган қўшнини ўз вақтида тартибга чақириши керак. Шундагина кучли жамият шаклланади. Бугун мамлакатда ёшлар тарбияси, маънавият масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Келажак эгаларига суяклари қотишидан олдин тарбия бериш лозим. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид