Ўзбекистон | 15:20 / 16.01.2018
5455
3 дақиқада ўқилади

Ҳиндистоннинг етакчи инновацион ташкилотлари ва марказлари билан ҳамкорлик ўрнатилади

Фото: KUN.UZ

Мамлакатимизда фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилинган 2018 йилда Инновацион ривожланиш вазирлиги Президент Ш.Мирзиёев раислигида 11 январь куни Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари фаолияти таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида қўйган вазифаларидан келиб чиқиб, хориждаги бир қатор элчиларимиз билан учрашувлар ўтказмоқда.

14 январь куни вазир И.Абдураҳмонов ва Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ф.Арзиев ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда KUN.UZ’га вазирлик ахборот хизмати.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида илмий ва илмий-техника соҳаларида муносабатларига тегишли масалалар,  жумладан, бўлажак икки томонлама инновацион ривожланиш юзасидан амалга ошириладиган тадбирлари ва тегишли «йўл хариталарига» кирган режалар муҳокама қилинди.

Учрашувда Инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов, вазирликнинг мақсади ва тузилмаси, ҳамда олиб борилаётган ишлар ҳақида, Президентимиз томонидан республикамизнинг инновацион ривожланиши борасида белгилаб берган вазифалари ва хорижий мамлакатлар билан илмий-техник ҳамкорликни амалга ошириш режалари хусусидаги  гапириб берди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ф.Арзиев икки томонлама илмий ва илмий-техника соҳаларида амалий ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилган тадбирлар ва шунга жалб қилиниши мумкин бўлган чет эллик ҳамкорлар  тўғрисида кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида фикр алмашди.

Келишувларни амалга ошириш доирасида бўлажак икки томонлама тадбирларга оид масалалар амалий жиҳатдан муҳокама қилиниб, қуйидаги соҳаларда жадал ишлар олиб борилиши қайд этилди, жумладан:

- Ўзбекистон Республикасининг илмий ва илмий-техника соҳаларида халқаро нуфузли ташкилотларда (хусусан UN ESCAP — Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси) тўлақонли қатнашиши ва вакиллигига тегишли маслаларни кўриб чиқиш.

- Ҳиндистоннинг етакчи инновацион марказлари, илмий-текшириш институтлари ва олийгоҳлари билан инновация ва илғор технологияларини ривожлантириш борасида ҳамкорлик ўрнатиш.

- Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этаётган ҳудудий инновацион марказлар билан Ҳиндистоннинг етакчи инновацион ташкилотлари ва марказлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш.

- Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида илмий ва илмий-техника келишувларини танқидий ўрганиб, янгиларини тайёрлаш ва амалий иш-режаларини ишлаб чиқиш.

- Устувор илмий ва илмий-техника соҳаларда (ахборот-компьютер технологиялар, биотехнология, қишлоқ хўжалиги, ақлли медицина, «яшил» фармацевтика, космик тадқиқотлар, муқобил энергетика ва бошқа соҳалар) инновацион ишланмалар ва технологиялар юзасидан қўшма лойиҳалар яратиш.

- Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида илмий ва илмий-техника соҳаларида инновацион ривожланиш йўналишларда етакчи олим ва мутахассислар алмашинуви ва консультацион хизмат тизимларини йўлга қўйиш.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид