Иқтисодиёт | 09:10 / 22.01.2018
3915
2 дақиқада ўқилади

АҚШ сенати вақтинчалик бюджет бўйича овоз беришни кейинроққа кўчирди

Фото: Fotolia / W.Scott

АҚШ конгресси сенати уч ҳафталик вақтинчалик бюджет бўйича овоз беришни 22 январь туш вақтига (Тошкент вақти билан соат 22.00) кўчирди, бу эса ҳукумат ишида мажбурий танаффуснинг яна бир неча соатга чўзилишини англатади.  

Дастлаб сенаторлар бу масалани 22 январга ўтар кечаси (Тошкент вақти билан эрталаб) муҳокама қилишлари режалаштирилганди.

Республикачилар ва демократлар етакчилари Митч Макконнелл ва Чак Шумер бюджет бўйича музокараларни давом эттирмоқдалар. Шумернинг айтишича, ҳозирча бу масалада олдинга силжиш кузатилмаяпти.

Федерал ҳукумат янги йил учун бюджет тасдиқланмагани сабабли бир қатор функцияларини бажаришни тўхтатди. Сенатдаги республикачилар ва демократлар бир қатор, жумладан иммиграция бўйича кўрсаткичлар юзасидан келиша олишмаяпти. 2018 молиявий йил бошланган 2017 йил 1 октябридан 3 марта чекланган муддатга вақтинчалик бюджетлар қабул қилинган, бироқ бу гал келишмовчиликлар музокараларни вақтида якунлашга имкон бермади. 

Федерал ҳукумат иши тўхтатилиши камдан-кам учрайдиган ҳолат ҳисобланади. Охирги марта бундай ҳолат 2013 йил кузида юз берган. Ўша вақтдагидек, ҳозир ҳам икки партия вакиллари юзага келган инқирозда бир-бирларини айблашмоқда.

Мавзуга оид