Жаҳон | 20:41 / 22.01.2018
5912
2 дақиқада ўқилади

Норвегия Арктикада газ ва нефть қазиб олишни давом эттирмоқчи 

Фото: NOAA's National Ocean Service

Норвегия экология ҳақида қайғурган ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда қўлга киритилган фандаги сўнгги ютуқларни қўллаган ҳолда Арктикада нефть ва газ қазиб олишни давом эттиришга тайёр. Бу ҳақда Норвегия ташқи ишлар вазири Ине Эриксен Сёрейде Arctic Frontiers анжуманида айтиб ўтди.

Сёрейденинг айтишича, бугунги кунда асосий вазифа бизнес, хўжалик фаолияти, барқарор ривожланиш ва атроф-муҳит ҳақида қайғуриш ўртасида мувозанат топишдан иборат.

Вазирнинг фикрича, бундай мувозанатга барча соҳаларда, жумладан фойдали қазилмалар олишда ҳам эришиш мумкин. 

У бунга мисол қилиб Норвегиянинг Statoil компаниясини келтирди. Ушбу компания нефть ва газ қазиб олишни энергиянинг тикланувчи манбалари ва экологик лойиҳаларга инвестициялар киритиш билан тўлдиради. 

Аввалроқ январда Норвегия ҳукуматнинг янги коалицияси доирасида Арктиканинг энг нозик жойларида нефть ва газ қудуқлари бурғилаш ва геологик разведка олиб боришни 4 йилга тақиқламоқчилиги маълум қилинганди.

Arctic Frontiers халқаро анжумани 2007 йилдан бери ўтказиб келинади. Унинг бош мавзулари Арктикадаги барқарор ривожланиш ва халқаро ҳамкорлик ҳисобланади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид