Ўзбекистон | 00:40 / 23.01.2018
11672
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Беларусь президентини Ўзбекистонга таклиф қилди

2018 йилнинг 21 январь куни Ўзбекистон ва Беларусь Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлиши муносабати билан икки давлат раҳбарлари бир-бирларини қутлашди.

"Беларусь Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлиши муносабати билан табрикларимни қабул қилгайсиз", деб ёзади Беларусь президенти Александр Лукашенко.

Беларусь раҳбари ўз мактубида Беларусь – Ўзбекистон ҳамкорлиги кўп муҳим йўналишларда изчил ривожланиб бораётганини чуқур мамнуният билан қайд этган. Лукашенко ўзаро англашув, ишонч ва ҳурматга асосланган давлатлараро амалий мулоқот бундан кейин ҳам мамлакатларимизни барқарор ривожлантириш ҳамда беларусь ва ўзбек халқларининг фаровонлиги йўлида мустаҳкамланишда давом этишига ишонч билдирган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз мактубида мустаҳкам дўстлик ришталари, ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш, умумий манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган Ўзбекистон – Беларусь ҳамкорлигининг бугунги даражасини мамлакатимиз юксак қадрлашини таъкидлаган.

"Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз ва кўп қиррали ҳамкорлигимизни кенгайтиришга бўлган ўзаро интилиш туфайли биз қисқа фурсатда аниқ натижаларга эришдик", дейилади мактубда.

"Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, уни аниқ амалий мазмун билан бойитиш учун олдимизда ҳамкорлигимизнинг мавжуд салоҳиятини тўлиқ ишга солишдек муҳим вазифа турибди, – дея қайд этган давлат раҳбари. – Шу маънода, Сизнинг Ўзбекистонга ташрифингизни интизорлик билан кутяпмиз. Бу бизга ўзаро муносабатларимизнинг барча жиҳатларини ҳар томонлама муҳокама қилиш, шунингдек, яқин йилларга мўлжалланган ҳамкорлигимизнинг истиқболли йўналиш ва лойиҳаларини белгилаб олиш имконини бериши шубҳасиз".

Мавзуга оид