Жаҳон | 18:00 / 24.01.2018
18772
2 дақиқада ўқилади

ИШИД «соғлиқни сақлаш вазири» қўлга олингани хабар берилди

Фото: AP

Туркия жануби-шарқидаги Шанлиурфа вилоятида ИШИД террорчилик ташкилоти «соғлиқни сақлаш вазири» Кэфах Башир Ҳусайн қўлга олинди. Бу ҳақда Sabah газетаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги манбаларга таянган ҳолда хабар бермоқда.

Бундан ташқари, ушбу гуруҳ билан алоқадор бўлган яна 14 киши ушланган. «Қўлга олинганлардан етти нафари Жазоир, тўрт нафари – Сурия ва Ироқ фуқароси саналади. Шунингдек, Нидерландия, Марокаш ва Мисрнинг бир фуқароси бор», - дея аниқлик киритишган полициядан.

Қўлга олинганлар Сурия-Туркия чегарасини ноқонуний равишда кесиб ўтишга уринишган. Нашр манбаларнинг иддао этишича, жазоирлик Мухтор Меккой ва нидерландиялик Ксавье Роуз-Клэр Интерпол қидирувида бўлган.

2017 йилнинг сентябрида Россия авиацияси Сурияда ИШИДнинг тўрт нафари юқори мансабли қўмондони, жумладан Тожикистон ИИВ алоҳида топшириқли милиция отряди собиқ қўмондони Гулмурод Халимовни йўқ қилди. Декабрь ойида Yeni Safak газетаси манбага таянган ҳолда ИШИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий АҚШ ҳарбийлари томонидан Ироқда ушлангани, Суриянинг Рас-ал-Айн шаҳридаги Америка базасига олиб келинганини хабар берди. Кейинчалик у Ал-Хасака шаҳри яқинидаги таянч нуқтасига ўтказилгани айтилади.

Мавзуга оид