Жамият | 14:17 / 26.01.2018
30800
3 дақиқада ўқилади

Нодавлат мактабгача таълим муассасаларини очиш ишларида кўзбўямачиликка йўл қўйилаётгани аниқланди

Фото: Fotolia

2017 йилнинг 30 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган эди. Мазкур ҳуқуқий асосга кўра, мактабгача таълим муассасаларининг давлат ва нодавлат тармоқларини янада кенгайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, давлат ва хусусий сектор шериклиги шартларида мактабгача таълим муассасаларининг янги шаклларини жорий этиш белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 декабрдаги Мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган мажлисида ҳам бу борада мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилган.

Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида нодавлат мактабгача таълим муассасалари очиш ниятида бўлган кўплаб тадбиркорлар бугунги кунда ҳудудий ҳокимликларга мурожаат этишмоқда. Ушбу эҳтиёжлардан келиб чиқиб, вилоят ҳокимликлари томонидан туман ва шаҳарларда бўшаб қолган жойлар ва биноларни рўйхатдан ўтказиш ишлари ҳам қизғин паллага кирган. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Вазирлик томонидан ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, берилган топшириқлар ижросини таъминлашда жойларда кўзбўямачилик, топшириқларни нотўғри талқин қилиш ҳолатлари кузатилган. Хусусан, нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, давлат-хусусий шерикчилик асосида янги турдаги мактабгача таълим муассасаларини ташкил қилиш мақсадида тўлақонли фаолият кўрсатаётган давлат мактабгача таълим муассасаларини хусусийлаштириш, тадбиркорларга бериб юбориш ҳолатлари учраб турибди. Жойлардаги мутасаддилар бир нарсани яхши тушуниб олишлари лозимки, фаолият кўрсатаётган, зарур шарт-шароитларга эга, тарбияланувчилари сони белгиланган, талабга жавоб берадиган боғчаларни хусусий сектор вакилларига ноль қийматда бериб юбориш оқибатида, мактабгача таълим муассасаларида таълим ва тарбия олаётган болаларнинг таълим олишида узилишлар, тарбияланувчиларни қамраб олиш, молиявий муаммолар келиб чиқмоқда”, дейилади вазирлик берган ахборотда.

Маълумот ўрнида: моддий-техник базаси талабга жавоб бермайдиган, фаолият кўрсатмаётган мактабгача таълим муассасалари фақатгина Мактабгача таълим вазирлиги билан расмий келишилгандан сўнг хусусийлаштирилиши ёки давлат-хусусий шерикчилик асосида тадбиркорларга берилиши мумкин.  

Шу муносабат билан Мактабгача таълим вазирлиги мазкур йўналишдаги ишлар ушбу вазирлик остида эканлиги, фуқаролар ва уларнинг фарзандлари манфаатлари бузилмаслиги учун барча кучлар сафарбар этилганлигини маълум қилади.

Вазирлик мазкур ҳолатлар ҳақида хабардор фуқароларни Мактабгача таълим вазирлигининг (0371) 255-34-47, 255-34-58 телефон рақамларига ёки mtvmdo@gmail.com электрон манзилига мурожаат йўллашларини сўрaб қолади.

Мавзуга оид