Жаҳон | 10:38 / 26.01.2018
19481
2 дақиқада ўқилади

Петербургда ўзбекистонликлар ушланди, улар Озарбойжон фуқаросини уриб ўлдиргани айтилмоқда

Фото: Pixabay

Петербургда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари Ўзбекистоннинг уч фуқаросини қўлга олишди, улар одам ўғирлашда гумонланмоқда. Ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Россия Тергов қўмитасининг Петербург бўйича тергов бошқармаси матбуот хизмати хабарига кўра, тергов версиясига мувофиқ, Ўзбекистон фуқароси Озарбойжоннинг 27 ёшли фуқаросига нисбатан шахсий адоватда бўлиб, уни ўғирлаш ва оғир тан жароҳатлари етказишни режалаштирган, бунинг учун қидирувда бўлган ўзбекистонлик яна икки шахсни жалб қилган.

Жиноятчилар 4 январь куни Планерная кўчасидаги 59-уй ёнида жабрланувчига ҳужум қилиб, уни дўппослашган, сўнг автомобиль юкхонасига жойлаштиришган ҳамда Ленинград областининг Всеволожск тумани ҳудудига олиб чиқиб кетишган. Кейинчалик ушбу шахслар озарбойжонликни қаттиқ калтаклаб, йўл четида ташлаб кетишган. Жабрланувчи 5 январь куни кечқурун йўлдан ўтиб кетаётган фуқаро томонидан топилган ва шифохонага олиб борилган. Бироқ, у қисқа вақтдан сўнг вафот этган.

Ушбу ҳолат бўйича “одам ўғирлаш” моддаси билан жиноий иш қўзғатилди. Гумонланувчилар ушланган. Уларни ҳибсга олиш ва айблов қўйиш бўйича масала кўриб чиқилмоқда.

Мавзуга оид