Ўзбекистон | 22:00 / 28.01.2018
14125
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда туризмни ривожлантириш режалари доирасида 167та лойиҳа амалга оширилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Қашқадарё вилоятида 2018-2019 йилларда туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш режасига кўра 167 та лойиҳа амалга оширилади. Уларда тарихий-маданий обидаларни таъмирлаш, тармоқни ахборот технологиялари билан таъминлаш кўзда тутилган. Бу ҳақида президент матбуот хизмати хабар берган.

Давлат раҳбари сайёҳлар учун меҳмонхоналар, дам олиш ва кўнгилочар ҳудудлар ташкил этиш, туристларга миллий маданиятни кенг намойиш қилиш зарурлигини таъкидлади.

Президентнинг «Тадбиркорлик фоалияти учун солиқ юкини камайтириш, солиқ тўловчиларни тўлиқ қамраб олиш ҳамда маҳаллий бюджетлар даромадлари базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳасида кўзда тутилган таклифлар,  Қашқадарё вилояти бўйича асосий иқтисодий кўрсаткичлар ва солиқ тўловчилар сони, йирик корхоналар томонидан бюджетга тўланадиган тўловлар, жорий йилги прогноз кўрсаткичлар ҳақидаги маълумотлар кейинги тақдимотда намойиш этилди.

Шавкат Мирзиёев аҳолининг дунёқарашини ўзгартириш, солиқ базасини кенгайтириш эвазига бюджетга тушумларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Қашқадарё вилоятида ичимлик сув таъминотини яхшилаш, Тошгузар-Шаҳрисабз-Китоб темир йўлини модернизация қилиш ва электрлаштириш ишлари тўғрисида маълумот берилди.

Президент жорий йил 1 августгача «Афросиёб» поезди қатновини Шаҳрисабзгача йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берди.

Шаҳрисабз шаҳар ва туманида меҳнат бозорини барқарорлаштириш, ишсизларни касбга ўқитиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Шавкат Мирзиёев барча лойиҳалар юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.

UzA Qarshiyev Aziz
Тайёрлаган UzA Qarshiyev Aziz
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид