Спорт | 19:40 / 29.01.2018
6039
2 дақиқада ўқилади

Шота Арвеладзе «Пахтакор» ОЧЛ гуруҳ босқичи йўлланмасини қўлга киритишига умид билдирди

Фото: pakhtakor.uz

ОЧЛ-2018 саралаш босқичидан ўрин олган «Ал-Ғарафа» - «Пахтакор» ўйинидан олдин, тошкентликлар устози Шота Арвеладзе матбуот анжуманида иштирок этди.

«Ўйин ҳақида фикр билдиришдан олдин, Хитойда ўтказилган Осиё чемпионатида ғолиб чиққан Ўзбекистон ёшлар терма жамоасини, бу йўлда меҳнат қилган барча инсонлар ва ишқибозларни табриклайман.

Ўйинга келсак, бу бир беллашувдан иборат тўқнашувдир. Иккинчи имконият берилмайди. Мақсадимиз ғалаба қозониш ва бунга бор кучимиз билан интиламиз.

«Ал-Ғарафа» билан мураббийлик фаолиятимда тўқнаш келмаганман. Уларда яқинда мураббий ўзгарди, янги футболчилар билан шартнома имзоланди. Рақибни имкон қадар ўрганиб чиқдик.

Футболда ҳар қандай ҳолат содир бўлиши мумкин. Рақибимиз ўйинларини таҳлил қилиб чиқдик. Бу биз учун мавсумдаги биринчи расмий учрашувга айланади. Баҳсга ҳозирлик кўриш учун тайёргарлик жараёнини ўтказдик. 

Расмий ўйинлар амалиёти борлиги «Ал-Ғарафа»га кичик устунлик бериши мумкин, аммо биз мавсумни янги куч ҳамда ғалаба билан бошлаш йўлида боримизни берамиз.

Таркибимизда жароҳат бўйича муаммо йўқ. Кеча тунда Хитойдаги Осиё чемпионатида иштирок этган футболчилардан уч нафари Дохага етиб келишди ва сафимизга қўшилди» - деди Арвеладзе.

Эслатиб ўтамиз, «Ал-Ғарафа» - «Пахтакор» ўйини 30 январь куни ўтказилади. 

Azamat Murodov
Тайёрлаган Azamat Murodov
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид