Самарқанд шаҳридаги МТМда болалар ҳақи уриб қолинаётгани аниқ бўлди
Болалар боғчаларидаги ишларнинг ҳақиқий ҳолати ва уларнинг фаолияти самарадорлигини ўрганиш тадбирлари барча ҳудудлар бўйича мунтазам равишда Мактабгача таълим вазирлиги томонидан амалга оширилиши юзасидан хабар берилган эди. Аммо бу масалани кўпчилик жиддий қабул қилмаган кўринади, акс ҳолда Самарқанд шаҳридаги боғчада қуйидаги ҳолат юзага келмас эди.
Аниқроқ айтиладиган бўлса, Самарақанд шаҳридаги 69-мактабгача таълим муассасасида ўтказилган навбатдаги ўрганиш ҳеч кимни бефарқ қолдирмаса керак.
Жорий йилнинг 24 январь куни Мактабгача таълим вазири ўринбосари Қ.Арипов, Самарқанд вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Н.Садиновалар ушбу мактабгача таълим муассасасида бўлишди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати маълум қилмоқда.
Ўрганиш эрталаб соат 8.05 да бошланганлиги боис, ҳали тарбияланувчиларнинг аксарияти боғчага келиб улгурмаган эди. Вазир ўринбосари ўқув-тарбиявий машғулотлар ва гуруҳлардаги шароитлар билан танишишни кейинроққа суриб, фурсатни бой бермаслик мақсадида, мазкур болалар боғчаси ошхонасига тўғри кириб борди.
Албатта, ошхонага кирибоқ у ердаги тартибсизликни кўрган кишининг дили хира бўлиши тайин. Одатдагидек, ўрганувчиларни боғча ошпази кутиб олди. Меҳмонларни кутмаган ошпаз опамиз, шошиб қолди шекилли, вазир ўринбосарининг “Неча тарбияланувчига тушлик тайёрлаяпсиз?”, деган саволига жавоб бера олмай довдираб қолди. Мактабгача таълим муассасаси хўжалик мудири анчагина тажрибаси бор экан шекилли, ушбу саволга: 297 нафар, деб тезкорлик билан жавоб қайтарди.
Шу маҳал, эндигина қайнай-қайнай деб турган катта қозон ҳамда гўшт маҳсулотлари учун мўлжалланган стол устидаги тоғорага солинган гўшт вазир ўринбосарининг эътиборини тортди.
Меъёр бўйича бир болага 100 грамм гўшт маҳсулоти ишлатилиши лозимлигини инобатга олсак, бугунги тайёрланаётган тушликка 29,7 кг гўшт маҳсулоти ишлатилиши керак, албатта. Шу меъёрларга риоя этилаётганлигига амин бўлиш мақсадида вазир ўринбосари бошчилигидаги гуруҳ аъзолари қозондаги гўшт маҳсулотининг вазнини ўлчаб кўришди. Афсуски, қозонга солинган ҳақиқий гўшт миқдори 3,7 кг.ни ташкил қилди. Тоғорага солинган хом гўшт маҳсулотининг оғирлиги 7.7 кг.ни, пишаётган ва хом гўштни қўшиб ҳисоблаганда, эса жами 11,4 килограммни ташкил қилди. Ана холос, оддий математик ҳисоб-китобдан ҳам маълумки, тушликка ишлатилган гўшт миқдори белгиланган меъёрдагидан 17,6 кг.га кам эканлигини боғча маъмурияти қандай изоҳлайди? Ошпаз ва хўжалик мудири ошхонадаги музлатгичдан бир тоғорачада ойлар давомида музлатилган суякларни (чамаси 3-4 кг) шоша-пиша кўрсатишди. Аслида бу суяклардан анчагина илгари пишган гўштлар ажратиб олинганлиги яққол кўриниб турибди.
Ошхона ёнгинасида жойлашган омборхонада ҳам аҳвол кўнгилдагидек эмас, аксарият қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нотўғри сақланаётганлиги аниқланди.
МТМ нинг тарбияланувчилари боғчага келганликларига амин бўлган вазир ўринбосари гуруҳларда ҳам ўрганиш ўтказди. Гуруҳ хоналари, ювиниш хоналари, ётоқлардаги антисанитария ҳолатларини ҳеч қандай баҳона билан оқлаб бўлмайди.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, боғчадаги ҳақиқий аҳволнинг бу ҳолатга келиб қолишига мактабгача таълим муассасасининг барча масъуллари бирдек айбдор. Акс ҳолда, бир неча огоҳлантиришларга қарамай тўғри ҳулоса чиқарилганида эди, нисбатан аҳвол яхшироқ бўлармиди. “Сўнгги пушаймон ўзинга душман”, деганларидек, энди Самарқанд шаҳридаги 69-мактабгача таълими муассасаси мудираси Райҳон Неъматова, хўжалик мудири Аваз Гафаров ҳамда ошпаз Кибриё Хамдамовалар ўзларидан хафа бўлишлари мумкин. Сабаби, жорий йилнинг 24 январь кунининг ўзидаёқ улар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Мавзуга оид
11:25 / 29.09.2024
Самарқандда бешта машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди
11:14 / 24.09.2024
Самарқандда Трекер пиёдалар йўлакчасидан велосипедда ўтаётган 12 ёшли болани уриб юборди
19:35 / 09.09.2024
Самарқанд шаҳридаги кўпқаватли уйда газ портлади
12:56 / 05.09.2024