Технология | 21:35 / 01.02.2018
9787
2 дақиқада ўқилади

Тарихдаги илк космик госпиталь ишга туширилади

БАА раҳбарияти тарихдаги илк космик госпитални йўлга қўйиш лойиҳасига старт берилиши ҳақида эълон қилди. Khaleej Times шу ҳақида хабар берди. Бундай госпитални қуриш нияти ҳақида Arab Health 2018 форуми доирасида баён қилинган. 

"Космонавтлар космик кема бортида бўла туриб, нанотехнологиялар шарофати билан масофадан барча зарур даволаш муолажаларини олишлари мумкин бўлади, биз эса Ердан туриб бу жараённи назорат қиламиз ва бошқарамиз, - деди соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Қултум Ал-Билуший. - Жарроҳлар қонга нанороботларни йўллашади, бу эса келгусида жарроҳлик аралашуви заруратини йўққа чиқаради, зеро улар касалланган ҳужайраларни топиб, уларни қайта тиклаш билан шуғулланишади".

Бундан ташқари, роботлар доимий сканерлаш йўли орқали космонавтларнинг ҳаётий кўрсаткичларини ҳисоблаб боради. Бу мутахассисларга уларнинг соғлиғи ҳақида батафсил маълумот олиш имконини беради.  

Соғлиқни сақлаш ва профилактика вазири Абд Ар-Раҳмон бин Муҳаммад Ал-Авайснинг таъкидлашича, лойиҳа Ерда бир неча марта синовдан ўтказилади, шундан кейин космосда фойдаланишга мослаштирилади. 

Келгусида космонавтларни даволаш учун қўлланадиган яна бир асосий технология сунъий интеллект бўлади. "Турли касалликлар, шу жумладан сурункали касалликларни даволашдаги барча усуллар тиббиёт соҳасидаги сўнгги ютуқларга ҳамоҳанг бўлади", - қўшимча қилган у.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид