Ўзбекистон | 13:37 / 02.02.2018
18829
5 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳрида 3 та болалар боғчасида мудиралар вазифасидан бўшатилди

Самарқанд шаҳар мактабгача таълим бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги «Мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги 528-сонли қарор ижроси юзасидан «Соғлом овқатланишни ташкил этиш ва меъёрларини жорий этиш» ҳамда давлат-хусусий шериклик ва нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил қилиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Президентнинг «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори, «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда Ш.Мирзиёев раислигида 2017 йилнинг 19 декабрь куни «Мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни таҳлил қилиш ва истиқболдаги вазифаларни белгилаб олиш» бўйича видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан Самарқанд шаҳар мактабгача таълим бўлими томонидан амалий ишлар амалга оширилмоқда, деб маълумот берди KUN.UZ’га шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

Вазирлар Маҳкамасининг «Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган «Мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиларнинг соғлом ва хавфсиз овқатланишини ташкил этиш тўғрисида»ги Низомга асосан Самарқанд шаҳридаги 95 та давлат ва 8 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларида белгиланган меъёрларга мувофиқ тарбияланувчиларнинг соғлом ва хавфсиз овқатланишини таъминлаш бўйича тизимли назорат ўрнатилган. Лекин шунга қарамасдан, 2017 йил 14 ноябрь кунидан ҳозирги кунга қадар 10 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланиб, 12 нафар тизим масъул ходимлари (3 нафар мудира, 5 нафар хўжалик ишлари бўйича мудирлар, 2 нафар ҳамширалар, 2 нафар ошхона ходимлари) билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди.

Нодавлат ҳамда давлат хусусий-шериклик асосида янги мактабгача таълим муассасаларини фаол ривожлантириш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Нодавлат ва хусусий-шериклик шартлари асосида янги мактабгача таълим муассасаларни ташкил этишни тарғиб этиш мақсадида тегишли мутасаддилар иштирокида очиқ мулоқот ва давра суҳбати ўтказилди. Янги муассасаларни ташкил этишни тарғиб қилиш бўйича шаҳар ҳокимлигининг расмий веб-сайти ва Facebook саҳифаси орқали кенг ёритилмоқда.

Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов иштирокида нодавлат ва хусусий-шериклик шартлари асосида янги мактабгача таълим муассасаларни ташкил этиш бўйича таклиф билдирган тадбиркорлар билан 3 марта учрашув ўтказилди.

3-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида шаҳар ҳокими иштирокида шаҳардаги 207 та маҳалла фуқаролар йиғини раислари ҳамда улар орқали аҳолининг кенг қатламига нодавлат ва хусусий-шериклик шартлари асосида янги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш бўйича мутасадди раҳбарлар томонидан тарғибот ишлари олиб борилди.

Бу янги ташкил этилаётган лойиҳалар СанПИН нормалари асосида ташкил этилишига алоҳида урғу берилмоқда.

Самарқанд шаҳридаги «Темур Файз» нодавлат мактабгача таълим муассасасида нодавлат ва хусусий-шериклик асосида янги мактабгача таълим муассасаларни ташкил этишни тарғиб этиш мақсадида, хусусий тадбиркорлар, масъул банк ходимлари ҳамда мутасадди раҳбарлар иштирокида амалий семинар ўтказилди.

Шаҳарда давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасаларини ташкил қилиш бўйича ташаббускорларнинг рўйхатлари шакллантирилмоқда. Ҳозирги кунда жами 35 та, шундан 14 та давлат-хусусий шериклик, 21 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш бўйича ташаббускорлар рўйхатга олинди. Бунда ташаббускорларнинг банк кредитлари учун гаров таъминотлари мавжудлиги, ташаббускорларнинг мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил қилиш борасида тажриба, билим кўникмалари ўрганиб чиқилмоқда ва ушбу ташкил этилаётган давлат-хусусий шериклик ҳамда нодавлат мактабгача таълим муассасаларида олий маълумотли, чет тилларини мукаммал биладиган педагог ходимларни жалб этиш бўйича тушунчалар берилди.

Давлат-хусусий шериклик асосида янги мактабгача таълим муассасаларини ташкил қилишда таъмирга муҳтож (шаҳардаги 25 йилдан буён капитал таъмирланмаган) мактабгача таълим муассасаларига биринчи навбатда эътибор қаратилмоқда.

Бундан ташқари, шаҳардаги ҳудуди катта бўлган мактабгача таълим муассасаларидаги мавжуд фойдаланилмаётган бўш ер майдонларидан мақсадли фойдаланиш учун ташаббускорларга давлат-хусусий шериклик асосида янги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш бўйича таклифлар берилмоқда.

Самарқанд шаҳри фуқаролари ҳамда тадбиркорлар диққатига!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 сентябрдаги «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3261-сонли қарорига мувофиқ, давлат-хусусий шериклик асосида ва нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил қилиш белгиланган.

Ҳурматли тадбиркорлар!

Самарқанд шаҳрида давлат-хусусий шериклик асосида ва нодавлат мактабгача таълим муассасаларини очиш истаги мавжуд бўлса, ўзларингизнинг таклиф ва лойиҳаларингизни шаҳар ҳокимлигининг ишчи гуруҳига ёки Самарқанд шаҳар мактабгача таълим бўлимига (манзил: Самарқанд шаҳри, Гагарин кўчаси, 43-уй, мўлжал — Самарқанд иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи) тақдим этишингиз мумкин.

Мурожаат учун тел: (0366) 234-17-72

 

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид