18:30 / 05.02.2018
7883

Бир гуруҳ спортчилар имконияти чекланган болалар мактабларига ташриф буюрди

Миллий Олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов бугун юртимиздаги машҳур спортчилар, Олимпия ва Паралимпия ўйинлари совриндорлари, Осиё чемпиони бўлган футболчилар ва мураббийлар билан биргаликда Тошкентда жойлашган 100-ихтисослаштирилган мактаб-интернати ҳамда Кўзи ожизлар мактаб интернатига ташриф буюрди.

Ушбу интернатларда тарбияланаётган имконияти чекланган болаларга Ўзбекистон Республикаси Президенти совғалари — футбол тўплари, спорт анжомлари ва Фахрий ёрлиқлар топширилди.

Фото: Olympic.uz
Фото: Olympic.uz
Фото: Olympic.uz

 Умид Аҳмаджоновнинг топшириғига кўра, эндиликда юртимизда бўлиб ўтадиган спорт мусобақалари, футбол бўйича миллий чемпионатимиз ўйинларига мана шундай ихтисослаштирилган мактаб-интернатида тарбияланаётган болаларни олиб бориш  йўлга қўйиладиган бўлди. Бу ташаббусни спортчилар ҳамда мураббийлар қўллаб-қувватлашди.

Фото: Olympic.uz

Шунингдек, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳисобидан мактаб-интернатларидаги болажонларни Халқаро мусобақаларга олиб бориш амалиёти ҳам жорий этиладиган бўлди.

«Бугун сизнинг ҳузурингизга юртимизнинг машҳур спортчилари, яқиндагина Осиё чемпиони бўлган футболчилар ва мураббийлар билар бирга келдик. Насиб этса, бундай ташрифларни йил давомида мунтазам равишда амалга ошириб борамиз. Сизларга ҳам келгусида машҳур спортчи бўлиб, юртимиз шарафини халқаро майдонларда ҳимоя қилиб юришингизни тилаймиз. Биргаликда юртимиз спортини ва футболини юқори поғоналарга олиб чиқамиз», - деди Умид Аҳмаджонов.

Top