Жамият | 12:20 / 09.02.2018
11448
4 дақиқада ўқилади

“Уйимни ўғри тунади...”. Ёлғон хабар берган фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Инсон зотини бутун халқ олдида шарманда қилувчи иллатлардан бири ёлғончиликдир. Бундай кишиларни кўпчилик ёқтирмайди, уларга ҳеч нарса ишонилмайди. Ёлғончилар ўзгаларни лақиллатдим, деб ўйлашади, ҳолбуки, ўзлари қазиган чоҳга фақатгина ўзлари тушиб қолишади. Қашқадарё вилояти ИИБ матбуот хизмати тақдим этган маълумотлардаги ҳодисалар негизида ҳам ана шу иллат ётибди.

Жорий йилнинг 19 январь куни вилоятнинг Ғузор тумани Ички ишлар бўлими бошлиғининг номига келиб тушган аризада номаълум шахслар 2018 йил 17 январдан 18 январь кунига ўтар кечаси шу туманда яшовчи фуқаро Абдуқаюм Раҳматовнинг хонадонига тушиб, ётоқхонанинг шкафи ичида бўлган 5000 АҚШ доллари ва 10 миллион сўм миқдордаги пулларни, икки дона аёллар тилла узуги ва бир дона тилла занжирини ўғирлаб кетганлиги баён этилган.

Қашқадарё вилояти ИИБ матбуот хизмати
Қашқадарё вилояти ИИБ матбуот хизмати

Мазкур ҳолат юзасидан зудлик билан тергов–тезкор гуруҳи ташкил этилиб, ҳодиса жойига чиқилган. Олинган бармоқ излари ҳамда уйдаги ҳолат изқуварларда бироз шубҳа уйғотган. Негаки, хонадон соҳибаси ўзини ғалис тутган, қолаверса, олинган бармоқ излари аёл кишига тегишли эканлиги тасдиқлаган. Ўз оиласи учун жамғарилган маблағга хиёнат қилиб, ўзининг бу хатти-ҳаракатини устамонлик билан оқлашга уринган фуқаро Мусаллам Йўлдошеванинг пинҳоний режаси ошкор этилган.

Қашқадарё вилояти ИИБ матбуот хизмати

Яна бир ҳолатда қуйидаги воқеа кузатилган. Дехқонобод туман Ички ишлар бўлими бошлиғига ариза билан мурожаат қилган фуқаро Гулбиби Чориева ўзи учун фойдали, ўзгалар учун туҳматга айланиши мумкин бўлган ёлғон жиноят ҳақида ёзма хабар берган. У ўзининг дастлабки  аризасида 2018 йил 20 январь куни яшаш уйининг меҳмонхонасида бўлган сандиқнинг ичида сақланаётган йигирма (20) миллион сўм пуллари ҳамда бир дона тилла узуги ва бир жуфт сирғасини номаълум шахслар ўғирлаб кетганлиги, уларга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган. Қайта ёзган аризасида эса батамом бошқача. Ҳар нима бўлган тақдирда ҳам фуқаронинг мурожаати ички ишлар ходимлари томонидан эътиборсиз қолдирилмади. Мазкур ҳолат юзасидан Дехқонобод туман Ички ишлар бўлими томонидан тергов–тезкор  гуруҳи ташкил этилиб, ҳодиса жойига чиқилди. Воқеа жойида терговга қадар текширув ишлари амалга оширилганда, фуқаро Гулбиби Чориева ушбу пулларни укалари ва ўғлидан олганлигини маълум қилган бўлса-да, бироқ укалари ва ўғли фуқаро Гулбиби Чориевага пул бермаганликлари ойдинлашди.

Қашқадарё вилояти ИИБ матбуот хизмати

Бундан ташқари, ҳодиса жойини кўздан кечириш жараёнида яшаш уй меҳмонхонасининг эшигига осилган қулфнинг бузилмаганлиги ва кўрсатмалари ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли, унинг ҳар бир важи бўйича зудлик билан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилганда, фуқаро Гулбиби Чориева шу куни меҳмонхонасидаги сандиғининг ичида бўлган бир миллион бир юз тўқсон бир минг (1.191.000) сўм пулларини қизининг уйидаги ун қутисининг ичига яшириб қўйганлигини тан олди.

Қашқадарё вилояти ИИБ матбуот хизмати

Гулбиби Чориевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 237-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид