Ўзбекистон | 20:00 / 13.02.2018
11302
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Бош вазири ўринбосарини қабул қилди

Бугун, 13 февраль куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда ишчи ташрифи билан бўлиб турган Корея Республикаси бош вазири ўринбосари, стратегия ва молия вазири Ким Донг Ённи қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси президентининг расмий сайти хабар бермоқда.

Давлат раҳбари меҳмонни Ўзбекистонга ташрифи билан чин юракдан табриклаб, икки томонлама кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг барқарор суръатлари ҳамда икки мамлакат ўртасида кўп асрлик дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини изчил мустаҳкамлаш тарафдори эканини таъкидлади.

Мазкур учрашувда савдо-иқтисодий, сармоявий, инновация, банк-молия ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг истиқболли йўналишлари бўйича фикр алмашилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Пёнгчангдаги қишки Олимпиада ўйинлари бошланиши билан Корея Республикаси раҳбарияти ва халқини самимий қутлади ҳамда ушбу спорт байрамини муваффақиятли ўтишини тилади. 

Ўз навбатида, Корея Республикаси Бош вазирининг ўринбосари самимий қабул учун Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорлик изҳор этиб, президент Мун Чжэ Ин номидан қутлов ва эзгу тилаклар билдирди.

У Корея Республикаси фуқаролари учун виза режимини жорий этиш тўғрисидаги қарор учун Ўзбекистон раҳбариятига чуқур миннатдорлик билдирди.

Учрашув якунида Ким Донг Ёнг Жанубий Корея томонининг стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва икки давлат ўртасида кенг кўламли ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини яна бир бор таъкидлади.

Мавзуга оид