Шавкат Мирзиёев Бухорода сайёҳлар учун қурилаётган меҳмонхоналар ва чойхоналар билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида туризм соҳасини янада ривожлантириш концепцияси асосида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
«Бухоро қадимий обидалари, асрлар оша давом этиб келаётган миллий ҳунармандлик анъаналари билан улкан туристик салоҳиятга эга. Давлатимиз раҳбари вилоятга ўтган йилги ташрифи чоғида бу салоҳиятдан тўла фойдаланиш, шаҳарнинг тарихий қисмида ҳунармандлар мавзеси қуриш, Пойи Калон ва Мир Араб мадрасаларини қайта таъмирлаш каби қатор масалаларни белгилаб берган эди.
Ушбу кўрсатмалар асосида Пойи Калон ва Мир Араб мадрасалари таъмирдан чиқарилди. Ҳақиқат кўчасида биринчи қаватида дўкон ва устахоналар бўлган, иккинчи қаватида ҳунармандлар оиласи яшайдиган уйлар қурилиб, атроф ободонлаштирилди. Натижада кўча ва сайлгоҳ шаҳарнинг тарихий қисмига монанд замонавий қиёфа касб этди.
Бу борадаги ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда. Меҳмонхоналар, савдо-кўнгилочар масканлар, кафе ва чойхоналар қурилмоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Президент жаҳон тажрибаси асосида сайёҳларга барча қулайликларни яратиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, кўнгилочар дастурлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.
Давлат раҳбари шаҳарнинг тарихий қисмидаги маданий мерос объектларини таъмирлаш ва тиклаш, ҳудуддан ўтган автомобиль йўллари ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини реконструкция қилиш каби лойиҳалар билан танишган.
Мавзуга оид
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
10:26 / 03.11.2024
Ўзбекистонга хориждан келган сайёҳлар сони маълум қилинди
22:45 / 24.10.2024