Ўзбекистон | 23:20 / 23.02.2018
23212
2 дақиқада ўқилади

2018 йилда Россияга ишлаш учун йўлланувчилар сони ҳақида маълумот берилди

Фото: Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги

Ўзбекистон ўзининг 50 минг ишчи кучини Россияга расман йўллашни режалаштирмоқда. 23 февраль куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг матбуот анжуманида шу ҳақида хабар берилди. 

Тадбирда маълум қилинишича, ишчилар Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги орқали расман Россия Федерациясига йўлланади. Таъкидлаш жоизки, 2017 йилда 922 нафар Ўзбекистон фуқароси Россияга ишлаш учун кетган.

Агентлик вакилларининг KUN.UZ'га маълум қилишича, бугунги кунда Россия Федерацияси билан йўл хариталари тузилган. Россия бўйича республикада битта марказ бўлиб, даъвогарларни у ерга жўнатишдан олдин улар миграцион билимлари оширилиб, имтиҳон олиниб (рус тили, қонунчилик ва Россия тарихи), соғлиғи ва ҳаёти суғурта қилинади - бу алоҳида талаб. 

"Роструд" билан тузилган шартномага мувофиқ, "Работа в России" сайтида вакансиялар ва номзодларга қўйилган талаблар билан танишиб чиқиш, керак бўлса, бирламчи шартнома тузиш имкони мавжуд. Мақсад: ишчиларимиз Россияга борганида қўлида тиббий гувоҳномаси ва барча зарур ҳужжатлари бўлиши кераклиги. 

Бундан ташқари, ташқи миграция агентлиги вакилларидан бирининг маълум қилишича, Россиянинг етти ҳудудида агентлик ваколатхоналари очилади. Биринчиси 2018 йилда Москвада очилса, кейинчалик Санкт-Петербург, Ростов, Новосибирск каби қатор шаҳарларда ҳам Ташқи меҳнат миграция агентлиги ваколатхоналари хизмати йўлга қўйилади. 

Мавзуга оид