Ўзбекистон | 21:00 / 23.02.2018
9738
2 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов Сергей Лавров билан музокаралар ўтказди

Фото:

23 февраль куни Москва шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон-Россия кун тартибидаги асосий масалалар ҳамда бошқа халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

2017 йили икки мамлакат ўртасида фаол мулоқот кузатилгани таъкидланди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 4-5 апрель кунлари Россияга бўлган давлат ташрифи ва Президент Владимир Путин билан музокоралар олиб боргани муҳим воқеа бўлгани қайд этилди.

Вазирлар олий ва бошқа даражалардаги икки томонлама келишувларни тадбиқ этиш бўйича амалий қадамларга алоҳида эътибор қаратишди.

Суҳбатда минтақавий хавфсизликка, жумладан, Афғонистондаги вазиятга жиддий эътибор қаратилди. Шу нуқтаи назардан Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикчилик» номли халқаро конференция муҳим рол ўйнаши лозимлиги қайд этилди.

Учрашувда Россия томони Тошкент конференциясининг муваффақиятли ўтишидан манфаатдор эканлигини ва унда юқори даражада иштирок этишини тасдиқлади.

Музокаралар якунида вазирлар томонидан 2018-2019 йилларга мўлжалланган ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги Ҳамкорлик дастури имзоланди.

Шунингдек, Абдулазиз Камилов ва Сергей Лавров ОАВ вакиллари учун қисқа чиқиш қилишди ва журналистларнинг саволларига жавоб беришди.

Мавзуга оид