Спорт | 13:15 / 01.03.2018
23601
3 дақиқада ўқилади

«Эски ҳаммом, эски тос». Суперлига бошланмасдан олдин, тақвим ўзгартирилди

Суперлига 2018 мусобақасининг 1-туридан ўрин олган «Металлург» – «Навбаҳор» ўйини 2 мартдан 4 мартга кўчирилди.

Фото: metallurg-pfc.uz

ПФЛ сайти хабарига кўра, «Металлург» клуби президенти, «Ўзбекистон» металлургия комбинати бош директори А.Хурсанов кўп миллатли Бекобод шаҳри аҳолиси номидан ЎФА биринчи вице-президенти У.Аҳмаджонов номига мурожаат қилиб, ўйинни 4 мартга кўчириб беришни илтимос қилган.

Хатда Бекобод аҳлининг ишдан бўш пайтдаги асосий дам олиш маскани «Металлург» стадиони эканлиги, айни пайтда ушбу масканни чемпионатига тайёрлаш борасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилаётганлиги, шунингдек, металлургия комбинати ишчиларининг дам олиш куни стадионга келиб, кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари, оилавий дам олишларини таъминлаш зарурлиги алоҳида таъкидланиб, «Металлург» – «Навбаҳор» жамоалари учрашувини якшанба, 4 март кунига кўчириш, ўйиннинг бошланиш вақтини мухлислар учун қулай бўлган 15:30га белгилаш сўралган. ЎФА раҳбарияти эса «Металлург» талабини бажаришга рози бўлган.

Натижада, чемпионат ўйинлари бошланмасданоқ, расман тасдиқланган, тақвимда аниқ белгиланган ўйин бошқа муддатга кўчирилди. Бу ҳолат бўйича «Навбаҳор» клуби вакилларининг фикри қандай экани маълум эмас.

Ўйинни кўчириш учун «Металлург» клуби келтирган баҳоналардан бири ғалати. Клуб Бекобод аҳолисининг якшанба куни ҳордиқ чиқариши ҳақида қайғурмоқда, буни тушунса бўлади. Аммо, ўз ўйинларини 1 март (чоршанба) куни ўтказадиган Навоийнинг «Қизилқум» ва Фарғонанинг «Нефтчи», шунингдек, 2 март (жума) куни ўтказадиган Тошкентнинг «Пахтакор» клуби мухлислари якшанба куни ҳордиқ чиқармайдими? Улар иш куни бўлса ҳам, вақт топиб футболга бораверадими?

«Металлург» клуби стадионни мавсумга тайёрлаш учун катта ҳажмдаги ишлар олиб борилаётганини ҳам баҳона қилган. Бу ҳақиқатга яқинроқ бўлса керак, яъни, аслида, катта эҳтимол билан «Металлург» стадиони янги мавсумга тайёр эмас. Унда таъмирлаш ишлари тугатилмаган. У ҳолда, нима учун стадион ЎФА ходимлари томонидан мавсумга шай деб қабул қилинди? Нега клубга чемпионатда иштирок этиш учун рухсат берилди? 

Бундан ташқари, ўйинни трансляция қилиш учун, олдиндан катта тайёргарлик кўриб қўйган, уни ўз дастурига киритган «Спорт ТВ» фикри инобатга олиндими?

Мавсум бошланишидан олдин, ЎФА раҳбарияти янги қарорларнинг барчасига сўзсиз амал қилиниши таъминланади, деб жар солган эди. Аввалроқ, ЎФА қарорини бажармаганлиги учун «Навбаҳор» ва «Бунёдкор» 500 миллион сўм (!) жаримага тортилган эди. 

Афсуски, бугун «Металлург» клубига жиддий масалада ён босилаётганини кўрмоқдамиз.

Мавзуга оид