Спорт | 08:52 / 03.03.2018
17259
3 дақиқада ўқилади

Флоридадаги отишмада 20 кишини қутқариб қолган бола Месси билан учрашадиган бўлди

Фото: Marilyn Rule/Twitter

14 февралда Флоридадаги мактаблардан бирида 19 ёшли Николас Круз содир этган отишма оқибатида 14 ўқувчи ва 3 ўқитувчи ҳалок бўлди. Мактабнинг 15 ёшли ўқувчиси Энтони Боргес бўлмаганда, қурбонлар янада кўпроқ ҳам бўлиши мумкин эди. Гап шундаки, ўсмир отишма вақтида синфхона эшигини ёпиб олиб, 20 кишини қутқариб қолган. Афсуски, унинг ўзи 5 та жойидан (бели, сони ва оёқлари) ўқотар жароҳат олган, бироқ тирик қолган.

Энтонининг отаси ўғлининг даволаниши учун хайрия маблағлари тўплаш учун интернетда саҳифани ишга туширган. Бу саҳифа “Барселона” футбол клубини ўзига жалб қилган. 2016 йилда Энтони “Барса”нинг  Лодерхиллдаги (Флорида) академиясида 2 ой ўтказган. У профессионал футболчи бўлишни орзу қилади.

“Барселона” ўйинчилари Энтони учун футболкага дастхатларини қўйиб беришди. Ҳозирда ўсмир операциядан кейин тикланмоқда. У соғайиб кетганда, “Барса” унга Лионель Месси ва қолган футболчилар билан учрашувни ташкиллаштириб берадиган бўлди.

“Биз Энтони зарур жарроҳлик ёрдамини олиши ва футбол ўйнашдан иложи борича тезроқ яна завқланиши учун шифокорларимиз ёрдамини таклиф қилдик. Энтони ҳамиша Барселонага боришни ва асосий таркиб футболчилари билан учрашишни орзу қилган. Биз унинг отасига буни амалга оширишдан хурсанд бўлишимизни айтдик”, деб айтилган “Барса” баёнотида.

Боланинг отаси Ройер Борхеснинг айтишича, “Барса” вакиллари Энтонига далда бериш учун овозли хабар ёзишган. “Биз клубдан бундай қўллаб-қувватлашини кутмагандик. Энтони операцияга тайёрланаётганда мен овозли хабарни тасодифан эшитиб қолдим. Мен Энтони ҳам бу хабарни эшита олиши учун телефонни баланд овозга қўйдим. У бундан хурсанд эди”, деб эсламоқда боланинг отаси. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид