23:19 / 05.03.2018
5279

Британия иқтисодиёти ёмон об-ҳаво туфайли кунига 1,4 млрд доллар зиён кўрди

Фото: EPA/Lindsey Parnaby

Ўтган ҳафтада Буюк Британияда кузатилган совуқ ҳаво ва қор ёғишлар мамлакат иқтисодиётига кунига 1 млрд фунт стерлинг (1,38 млрд доллар) миқдорида зиён келтирди. Бу ҳақда The Observer нашри хабар бермоқда. Қурилиш соҳасининг ўзида энг совуқ 3 кунда қурилиш ишлари тўхтаб қолгани сабабли 2 млрд фунт стерлинг (2,76 млрд доллар) зиён кўрилган.

Нашр ушбу табиий офат сабабли кўрилган бевосита ва билвосита оқибатлар оқибатида Буюк Британия ялпи ички маҳсулоти 2018 йил 1-чорагида кутилаётган 0,4 фоиздан 0,2 фоизгача тушиб кетиши мумкинлигини истисно қилмаяпти. Бундай натижага бир муаммонинг бошқаси туфайли юз бериши олиб келиши мумкин. Ёмон об-ҳаво туфайли темир йўл ва авиарейсларнинг бекор қилиниши, автомобил йўлларнинг тўсилишига олиб келган қор уюмлари ва яхвонлик туфайли юз берган йўл-транспорт ҳодисалари кўплаб одамларга иш жойларига етиб боришга имкон бермаган.     

Шу сабабларга кўра хом ашё материаллари корхоналарга етказиб берилмаган, бу эса ишлаб чиқаришнинг тўхташига олиб келган. Транспорт муаммолари сабабли кўплаб дўконлар, ресторанлар ва бошқа хизмат кўрсатиш корхоналари, маданият, кўнгилочар ва спорт муассасалари бўшаб қолган. 

Буюк Британияда ёмон об-ҳаво шароити кучли совуқ фронт келиши оқибатида юзага келган. Бу эса ҳароратнинг кечкин пасайишига олиб келган. Вазият шарқдан келган антициклон Азор ороллари томондан келган “Эмма” довули билан тўқнашгани сабабли янада мураккаблашган.

Top