22:08 / 05.03.2018
11793

“Оскар” тақдимоти рейтинги энг паст кўрсаткичларга тушиб кетди

Фото: Life.ru

“Оскар” тақдимотининг илк 3 соатига асосланган дастлабки маълумотларга кўра, жорий йилда тақдимотнинг рейтинги 2017 йилга нисбатан 16 фоизга тушиб кетди. Якуний ҳисоб-китобдан кейин кўрсаткичлар янада пасайиши мумкин.

2017 йилда “Оскар” топширилиши маросими умумий ҳисобда 32,9 млн томошабинни ўзига торта олган. Бу 2008 йилги энг паст кўрсаткичдан кейинги паст натижа бўлган. 2008 йилда “Оскар”ни 31,8 млн киши томоша қилган.

Охирги йиллар ичида энг кўп томоша қилинган “Оскар” 2014 йилгиси ҳисобланади. Шундан кейин маросимни рейтинги кескин пасая бошлаган. Кўринишича, жорий йилги маросим ҳам бу салбий трендни давом эттиради.

Бундай паст кўрсаткичларга иккита нарса таъсир қилган бўлиши мумкин. Биринчидан, интрига бўлмаган, иккинчидан, маросимни қаторасига иккинчи йил бир бошловчи – Жимми Киммел олиб борди. Асосий номинацияларда “Дюнкерк” ва “Нари кет” фильмларининг борлиги ҳам вазиятни сақлаб қололмади.

Жорий йилда бош “Оскар”га мексикалик режиссёр Гильермо дель Торонинг “Сув шакли” фильми лойиқ топилди. 

“Энг яхши актёр” йўналишида “Оскар” актёр Гэри Олдменга “Қоронғи даврлар” фильмидаги Уинстон Черчилл роли учун тақдим қилинди.

“Энг яхши актриса” йўналишида “Оскар” Фрэнсис Макдормандга “Эббинг чегарасидаги уч билборд” фильмидаги роли учун топширилди.

“Энг яхши режиссура” учун мукофот “Сув шакли” фильми режиссёри Гильермо дель Торога берилди.

Top