Жаҳон | 21:36 / 05.03.2018
12590
2 дақиқада ўқилади

Тож-Маҳалга чипталар тонг отишидан 45 дақиқа олдин сотила бошланади

Фото: flickr.com/Brandon

Ҳиндистон ҳукумати Аградаги Тож-Маҳал мақбарасига чипта сотувчи кассалар ишлаш жадвалини сайёҳлар камайиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида ўзгартиришга қарор қилди. Бу ҳақда Times of India нашри хабар бермоқда

Маълум қилинишича, ушбу қарорни Ҳиндистон маданият вазири Махеш Шарма парламент қуйи палатаси депутатларига мурожаатида айтиб ўтган. Янги қоидаларга кўра, кассалар тонг отишидан 45 дақиқа олдин очилиб, қуёш ботишидан ярим соат олдин ёпилади. Ҳукуматдагиларнинг фикрича, бу сайёҳларга узун навбатларда вақтни йўқотмасликка ва “Ҳиндистон жавоҳири”нинг кўринишидан иссиқ тушгунча, куннинг қулай вақтида завқ олиш имконини беради. 

Мақбаранинг ишлаш жадвали ва чипталар нархи ўзгаришсиз қолади. 

Тож-Маҳал 17-аср ўрталарида подшоҳ Шоҳжаҳон буйруғи билан унинг туғруқ вақтида вафот этган рафиқаси Мумтоз Маҳал шарафига қурилган. Мақбара Ҳиндистоннинг “ташриф қоғози” ва мамлакатдаги энг машҳур ёдгорлик ҳисобланади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид