Жаҳон | 17:30 / 07.03.2018
16613
3 дақиқада ўқилади

«Мен ҳарбий жиноятчиман» - Британияга бораётган Саудия шаҳзодасини қандай кутиб олишмоқда?

Фото: Reuters

Бугундан Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг Британияга ташрифи бошланади.

Юқори даражали учрашувлар чоғида шаҳзода Қиролича Елизавета II ва бош вазир Тереза Мэй билан музокаралар ўтказади. Reuters'нинг ёзишича, ташрифнинг асосий мақсади икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик бўлади.

Ҳар икки давлат ўзаро муносабатларнинг яхшиланишидан манфаатдор. Чунки Британия Европа Иттифоқидан чиқмоқда, Саудия эса халқаро инвесторларни мамлакатда улар учун қулай шароитлар мавжуд эканига ишонтириш ниятида.

Британия ҳукумати бу ташрифдан манфаатдор бўлиши мумкин, лекин маҳаллий аҳоли Муҳаммад бин Салмонни унчалик хушламаяпти. Ҳозирда Лондон кўчаларида унга қарши кўплаб баннерларни кўриш мумкин. Улардан бирида бин Салмоннинг сурати қўйилиб, ёнига «Мен ҳарбий жиноятчиман» сўзлари ёзилган. Улар Саудия Арабистонини Ямандаги урушда 10 мингдан ортиқ тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлгани, 8 миллиондан ортиқ одам гуманитар ёрдамга муҳтож бўлиб қолганида айблашмоқда.

Фото: Reuters
Фото: Reuters
Фото: Reuters
Фото: Reuters

Муҳаммад бин Салмоннинг илк учрашуви Букингем саройида ўтказилади. У ерда инглиз монархлари билан биргаликда овқатланиш маросими бўлиб ўтади.

Агентликнинг ёзишича, бундай шараф ҳар қандай меҳмонларга ҳам насиб қилавермайди. Ундан кейин Тереза Мэй билан ҳарбий ҳамкорлик бўйича музокаралар ўтказилади.

Қайд этиш керакки, Буюк Британия Саудия Арабистонига энг кўп қурол етказиб берадиган давлатлардан ҳисобланади.

«Бу учрашув томонларнинг ўзаро муносабатлари янада яхшиланиши учун муҳим ҳисобланади»,- дейди Британия бош вазирининг вакили.

Манбада ёзилишича, нефтга қарамликдан қутилишга қатъий қарор қилган Саудия Арабистони йирик давлатлардаги инвесторларга қулай шароит яратиб бериш ниятида: «Бу ишни қилиш осон эмас ва ёлғиз ўзимиз ҳеч нарса қила олмаймиз. Бизга бошқаларнинг тажрибаси керак»,- дейди Саудиянинг Британиядаги элчиси Муҳаммад бин Навиф Financial Times нашрига.

Бироқ ҳукумат вакиллари шаҳзода ўзи ҳақида ёмон баннерлардан хафа бўлиб қолишини хоҳламай унга бағишланган ижобий маънодаги баннерларни Лондон кўчаларига илиб чиқишмоқда. Метро бекатлари, такси ва автобусларда «Хуш келибсиз, Саудия шаҳзодаси» сўзларини ҳам кўриш мумкин.

Мавзуга оид