Моуриньо Клоппга қарши. Уикенднинг асосий ўйинлари
«Трибуна» Европа чемпионатларидаги навбатдаги тур ўйинларининг энг муҳим ўйинлари анонсини беради.
МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ЛИВЕРПУЛЬ (10 март, 17:30)
Пеленинг айтишича, бу қарама-қаршилик Эл-Классико билан ҳар томонлама рақобатлаша олар экан. Англия футболининг энг дурдона тўқнашувларидан бири, шимолий-ғарбий дерби деб ҳам аталадиган «Манчестер Юнайтед» ва «Ливерпуль» ўртасидаги ўйиннинг бу сафаргиси турнир нуқтаи назаридан ҳам жуда муҳим ҳисобланади.
Моуриньо шогирдлари 62 очко билан иккинчи ўринда боришмоқда ва атиги икки очко фарқ билан уларни таъқиб қилаётган «Ливерпуль» устидан қозонилган ғалаба мезбонларни қолган турларда ишончли ҳаракат қилишларини таъминлайди ва Топ-4 курашида яққол фаворитга айлантиради. Ўз навбатида, «Ливерпуль» бу ўйинда ғалаба қозониш орқали иккинчи ўринга кўтарилиб олиши мумкин.
Икки турдан бери «Ливерпуль» иккинчи ўринни вақтинча эгаллаб олмоқда, аммо бироз кечроқ тур ўйинини ўтказаётган «Манчестер Юнайтед» якунда «Ливерпуль»ни қувиб ўтяпти. Бу сафар агар Клопп жамоаси ғалаба қозонса, узоқ вақтгача 2-ўринни сақлаб қолиши мумкин. Чунки келаси ҳафтада «МЮ» ҳам, «Тоттенҳэм» ҳам АПЛ ўйинида эмас, кубок ўйинларида майдонга тушади. Ундан кейинги тур эса, март ойининг сўнгги кунига мўлжалланган.
Лекин шуни таъкидлаш керакки, «Ливерпуль» Давид Мойес давридан бери «Манчестер Юнайтед»ни АПЛда ютолмай келяпти. Луи ван Гаал даврида икки мавсум «иблислар» фақат ғалаба қозонишган бўлса, Моуриньо ва Клопп қарама-қаршилиги уч ўйиндан бери дуранг билан тугамоқда. Шу даврдаги ливерпулликларнинг ягона ғалабаси ики йил олдинги Европа Лигаси чорак финалига тўғри келади.
Умуман, ўтган мавсумларда айнан топ ўйинларда ўзининг энг яхши ўйинларини намойиш қилиб, ғалаба қозонган Клопп жамоаси бу сафар бироз ўзгарган. Ушбу мавсумдаги 7 топ ўйинида «Ливерпуль» фақат 2 марта ғалаба қозонди холос. Бу ҳам ўз майдонидаги ўйинларга тўғри келади. Сафарда ўтказган ҳар икки топ ўйинида йирик ҳисобда мағлубиятга учради. Яъни, «Ливерпуль»га хос очиқ ўйнаш сафар ўйинларида энди унча иш бермаяпти. «Манчестер Юнайтед» эса, «Олд Траффорд»да ўтказган уч топ ўйиндан иккитаси ғалаба қозонди.
Жамоаларнинг ўйин олдидан ҳолати бироз симметрик кўриниш ҳосил қилган. «Ливерпуль» ҳафта ўртасида Чемпионлар Лигасида майдонга тушди ва рақибига нисбатан бир кун кам дам олди. Юрген Клопп «Порту»га қарши ўйинда Муҳаммад Салоҳни майдонга туширмаган бўлса-да, ўзи ваъда берганидек, асосий таркиб билан ўйнади. «Манчестер Юнайтед» эса, аксинча, бу ўйиндан уч кун ўтиб «Севилья»га қарши муҳим ўйинда майдонга тушиши керак. Чорак финал масаласини ҳал қилиб қўйган «Ливерпуль» бемалолроқ ўйнайдими ёки ҳафта ўртасида кўпроқ дам олган «Манчестер Юнайтед»нинг ҳолати яхшироқ бўладими, олдиндан айтиш қийин.
Жароҳатларга келсак, «Юнайтед»даги узоқ муддатга сафдан чиққан Феллайни ва Эррерадан ташқари, Марсиял, Блинд, Роҳо ва Ибраҳимовичнинг майдонга қайтишлари сўроқ остида. «Ливерпуль»да ҳолат яхшироқ, фақат Жордан Хендерсонда кичик жароҳат пайдо бўлган, аммо унинг ҳам эртага жамоасига ёрдам бериш эҳтимоли мавжуд.
СЕВИЛЬЯ – ВАЛЕНСИЯ (10 март, 20:15)
Бу ўйин андалусияликлар учун Чемпионлар Лигаси йўлланмасини берувчи ўринлар учун курашдаги сўнгги имкониятлардан бири бўлиши мумкин. «Севилья» 45 очкога эга, рақиби «Валенсия» эса, 53 очко билан 4-ўринни эгаллаб турибди. Фақат бу ўйинда ғалаба қозонибгина, мезбонлар ўртадаги фарқни қисқартиришлари ва кейинги турлар учун қандайдир умидга эга бўлишлари мумкин. Агар жамоа ЕЧЛ да қатнашишдан ҳали ҳам умид қилаётган бўлса албатта.
Акс ҳолда, «Севилья» ўтган йилги «Сельта»нинг тутган йўлидан бориши ва ички чемпионатда иккинчи таркибни тушириб, бор имкониятини еврокубокка қаратиши мумкин. Чорак финал ҳали қандай бўлади, ноъмалум, аммо айни пайтда «Манчестер Юнайтед»га қарши испанларда имконият йўқ эмас. Бу ўйиндан атиги уч кун ўтиб, жамоа «Олд Траффорд»га сафар қилади.
Ўзаро ўйинларга эътибор берсак, деярли тенгликни кўрамиз. Ва қизиқ тарафи, ҳар доим бу жуфтликда майдон эгаси бўлган тарафнинг устунлиги катта бўлган. Севильяда ўтган сўнгги 8 ўйиннинг олтитасида мезбонлар ғалаба қозонишган ва 2 ўйин дуранг билан якунланган. Жамоаларнинг биринчи даврада «Месталья»да бўлиб ўтган ўйинида эса, «Валенсия» 4:0 ҳисобида устун келганди.
Таркибларга келсак, «Севилья»дан ҳимоячи Коршия ҳали ҳам лазаретда қолмоқда, аммо Банега, Эскудеро, Васкес, Кьер каби футболчиларнинг тўлиқ формага қайтганликларини эътироф этиш керак. Фақат Хесус Навасда кичик жароҳат юзага келди ва Монтелла уни ушбу учрашувда майдонга туширмаслиги мумкин. «Валенсия»да эса, Перрейра, Гарай ва Хименес каби футболчилар машғулотларга қайтди. Аммо сўнгги турларда ҳужумда анча сермаҳсул ўйнаб турган Санти Мина шу ой охиригача сафдан чиқди.
БОРУССИЯ – АЙНТРАХТ (11 март, 22:00)
Кучли бешликка кирувчи тўрт лигада чемпионлик масаласи деярли ҳал бўлса-да, чемпионлар лигаси йўлланмалари учун кураш қизғин давом этмоқда. Худди Севильядаги ўйин каби, мана шу ўйинда ҳам ушбу йўлланмалар учун даъвогар жамоалар ўзаро баҳс олиб боришади. Ҳозирда «Боруссия» ва «Айнтрахт» мос равишда учинчи ва тўртинчи ўринда боришмоқда, аммо орқадан «Байер» ва «Лейпциг» таъқиб қилиб келмоқда ва улар билан ўртадаги фарқ атиги 2-3 очкони ташкил қиляпти холос. Яъни, бу ўйнда мағлубиятга учраган жамоа тур охирида кучли тўртликдаги ўрнидан мосуво бўлиши мумкин.
Дортмундликларнинг бу ўринлар учун кураши аввалдан маълум бўлса, «Айнтрахт» асосан мавсумнинг иккинчи ярмидаги ўйинлари туфайли юқори ўринларда пайдо бўлиб қолди. Франкфурт жамоаси охирги 11 ўйиннинг 9тасини ўз фойдасига ҳал қила олди. Айниқса, асосий рақобатчилардан бири «Лейпциг» устидан қозонилган ғалабани алоҳида эътироф этса арзийди.
Ўзаро ўйинларга қаралса, «Боруссия»нинг яққол устунлигини кўриш мумкин. Сўнгги 16 ўйиннинг 4тасида франкфуртликларнинг қўли баланд келган ва бу ғалабаларнинг барчаси ўз майдонидаги ўйинларда қўлга киритилган. Айнан Дортмунддаги сўнги 8 ўйинда «Боруссия» ғалаба қозонмоқда. Шунингдек, ушбу мавсумдаги илк учрашув ҳам жуда қизиқарли кечганини эслаш керак – биринчи таймда 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олган меҳмонлар ғалабани ушлаб қола олишмаганди. «Айнтрахт» иккинчи бўлимнинг ўрталарида, 5 дақиқада икки гол уриб, ҳисобни тенглаштиришнинг уддасидан чиққанди.
ИНТЕР – НАПОЛИ (11 мартдан 12 мартга ўтар кечаси 00:45)
«Наполи» ҳали ҳам турнир жадвалида пешқадамликни сақлаб турган бўлса-да, энди устунлик «Ювентус» тарафига ўтди. Йўқотилган очколар ҳисобида туринликлар пешқадам, яъни қолдирилган бир учрашувни ютиш орқали, Аллегри шогирдлари «Наполи»ни қувиб ўтишлари мумкин.
Чемпионлик кураши нуқтаи назаридан «Ювентус»нинг ЕЧЛда кейинги босқичга чиққани неаполликлар учун айни муддао бўлиши мумкин. Ҳеч бўлмаса, яна бир ойга туринликларни чалғитиб турувчи қўшимча турнир ҳам бор. Акс ҳолда, етакчиликни қўлга олган «Ювентус»нинг тўхтаб қолиши ҳақида ўйлаш осон эмасди.
Кутилмаганда, ўз майдонида «Рома»га имкониятни бой бериб, жуда оғир зарба қабул қилган «Наполи» учун бу сафар ҳам осон бўлмайди. «Интер» биринчи даврадаги спорт формасидан анча узоқ, сўнгги 12 ўйиннинг атиги 2тасида ғалаба қозонган бўлса-да, барибир «Интер»... Айниқса, жамоа лигада 5-ўринга тушиб кетгач, энди очко йўқотишга ҳаққи йўқ ва бу ўйинда ғалаба қозониш учун бор будини ташлайди.
Жароҳатланганлар борасида ҳар икки жамоада катта муаммолар йўқ. «Интер» икки ҳафтадан бери Риноккиясиз ўйнамоқда. «Наполи» таркибида эса, ҳимоячилар Февзи Ғулом ва Кирикеш йўқ.
Жамоаларнинг ўзаро ўйинларига эътибор қаратсак, сўнгги йилларда «Наполи»нинг устунлиги яққол сезилади. А Сериядаги охирги 18 ўйиндан атиги 3тасида «Интер» ғалаба қозонган, холос. Биринчи даврада бўлиб ўтган ўйинда ҳисоб очилмаганди.
БОШҚА ЎЙИНЛАР:
9 март: РОМА – Торино (9 мартдан 10 мартга ўтар кечаси 00:45)
10 март: Эйбар – РЕАЛ (17:00), БАВАРИЯ – Ҳамбург (19:30), ПСЖ – Метц (21:00), ЧЕЛСИ – Кристал Пэлас (22:00), Малага – БАРСЕЛОНА (10 мартдан 11 мартга ўтар кечаси)
11 март: АРСЕНАЛ – Уотфорд (18:30), ЮВЕНТУС – Удинезе (19:00), Борнмут – ТОТТЭНҲЭМ (21:00), Женоа – МИЛАН (22:00), АТЛЕТИКО – Селта (20:15)
12 мартдан 13 мартга ўтар кечаси: Сток Сити – МАНЧЕСТЕР СИТИ (01:00)
Мавзуга оид
16:05 / 08.11.2024
«Олд Траффорд»да «Аморим-бол»: Янги мураббий қўл остидаги «МЮ» қандай тактик ечимлар тақдим этади?
12:26 / 04.11.2024
«Барса»ни тўхтатиб бўлмаяпти, «МЮ» ўзига келмоқда. Кун ўйинлари
16:20 / 02.11.2024
«МЮ»да янги бош мураббий. Клуб Рубен Аморимни танлашига 4 сабаб
17:38 / 28.10.2024