Жамият | 23:40 / 11.03.2018
6714
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда бир йилда жиноятчилик кўрсаткичи 43 фоиздан кўпроққа камайди

Фото: KUN.UZ

Шу йилнинг дастлабки икки ойи мобайнида Тошкент шаҳрида мингдан ортиқ жиноят содир этилган. Бу ўтган йилга нисбатан 43 фоиздан кўпроқ кам деганидир. 2018 йил 10 март куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Медиа-таҳлил марказида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Рустам Жўраев шу ҳақда маълум қилди. 

“Январь-февраль ойида (2018 йил-таҳр.) Тошкент шаҳрида 1063та жиноят содир этилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 825та, яъни 43,7 фоизга камайганини англатади. Жиноятларнинг фош этилиш кўрсаткичи 4 фоизга яхшиланиб, 90 фоиз жиноятлар очилган”, - деди ИИВ вазири ўринбосари, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Рустам Жўраев. 

ШИИББ бошлиғи бевосита жиноят турлари бўйича рақамларга ҳам тўхталиб ўтди. 

“Босқинчилик ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16тага, яъни 80 фоизга камайиб, 4та содир этилган. Шу йилнинг дастлабки икки ойи мобайнида 23та талончилик содир этилган, бу ўтгани йилга нисбатан 54тага, яъни 57,4 фоизга кам демакдир. 182та ўғрилик содир этилган бўлиб, ўтган йилгидан 214тага камайган, ўғриликларни фош этиш ҳолати 5,3 фоизга яхшиланиб, 68 фоизни ташкил этган. Фирибгарлик жинояти юқорилигича қолаётган бўлса-да, ўтган йилга нисбатан 114тага камайиб, 176та шу турдаги жиноят содир этилган”, - деди Рустам Жўраев.

ШИИББ бошлиғи  Рустам Жўраев

Мавзуга оид