Ўзбекистон | 20:40 / 15.03.2018
10270
2 дақиқада ўқилади

Ўзбек компаниялари ва Тожикистон алюминий компанияси ўртасида 460 млн долларлик келишувлар тузилди

Фото: Asia-Plus

Тожикистон алюминий компанияси (ТАЛКО) ва унинг шўъба корхоналари Ўзбекистон компаниялари билан умумий қиймати 460 млн долларни ташкил қилувачи 5 та келишув имзолашди. 

Ҳужжатлар 9 март куни ўзбек ва тожик ишбилармон доиралари форумида имзоланган.

Маълум қилинишича, Тожикистон алюминий компанияси раҳбарияти “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан “ТАЛКО” ДУКда 200 та электролизер пускини молиялаштириш бўйича ҳамфикрлик меморандумини имзолаган. 2018-2020 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган ушбу келишувнинг умумий қиймати 320 млн долларни ташкил қилади.

Бундан ташқари, ТАЛКО Ўзбекистоннинг “KRANTAS GROUP” компанияси билан автомобил ва махсус қурилиш техникаси ишлаб чиқаришга ихтисослашган ўзбек-тожик қўшма корхонаси яратилишини кўзда тутувчи ҳамкорлик ҳақидаги битимни тузди. Бу қўшма корхонани яратишга 3,5 млн доллар талаб этилади. Корхона 2020 йилгача қурилиши кутилмоқда.

ТАЛКО раҳбарияти Ўзбекистоннинг “Техно Кабель Групп” компанияси билан Ўзбекистонга 75 млн долларлик алюминий сим етказиш бўйича ҳамфикрлик меморандуми тузди. Ҳужжат 2018-2020 йилларга мўлжалланган.  

Шунингдек, “Талко Менеджмент Лтд” ва Ўзбекистоннинг “Блу Белл Глобал Венчер” компанияси 3 йил давомида Ўзбекистонга қиймати 52,5 млн долларлик коагулянт, кўмир ва  флюорит етказилишини назарда тутувчи меморандумни имзолади.

ТАЛКОнинг яна бир шўъба корхонаси “Нокили ТАЛКО” ва Ўзбекистоннинг “Техно Кабель Групп” компанияси Ўзбекистонга мис етказиб бериш ва алюминий сим сотиш бўйича ҳамфикрлик меморандумини имзолади. Бу ҳужжатнинг умумий қиймати 9 млн долларни ташкил қилади. 

Мавзуга оид