14 март куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 42-мактаб ўқитувчиси Диана Енекеева кўча тозалашга мажбуран олиб чиқилганда юк машинаси уриб кетиши оқибатида ҳаётдан кўз юмди.

Бу интернет-нашрлар ва ижтимоий тармоқларнинг асосий мавзусига айланди ва катта резонанс келтириб чиқарди. Чунки давлатимиз раҳбари ўқитувчилар ва шифокорларни мажбурий меҳнатга жалб қилишни қаттиқ қоралаб, бу ҳолга барҳам бериш лозимлигини бир неча карра такрорлаган эди.

Бироқ ҳамон жойлардаги ҳокимликлар Президент топшириғини назар-писанд қилмасдан, ободончилик ва қишлоқ хўжалиги ишларида ўқитувчилар ва шифокорлар меҳнатидан фойдаланиб, кўзбўямачилик қилиб келаётгани кишини ғазаблантиради.

Каттақўрғон туманида эса ана шундай вазиятда кутилмаган фожиа рўй берди. Фожиа эҳтиётсизлик ва ноҳақлик оқибатида рўй берганини барча тушуниб турувди. Лекин Каттақўрғон туман ҳокимининг ўринбосари М.Музаффаров ва Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Қ.Саидов имзоси билан тарқатилган раддияда «Ўрганишлар натижасига кўра, мактаб ўқитувчилари, жумладан Диана Енекеева ҳам ҳеч қандай йўл четини тозалаш, супуриш учун чиқарилмаган», дея масъулиятни ўзларидан соқит қилишмоқда.

Бу баёнотни ўқиган фуқароларимиз янада жунбишга келишди ва вазият тўлалигича ноҳақликка айланди.

Шунга ўхшаш воқеа 2017 йил 16 сентябрь, шанба куни Жиззах туманида ҳам рўй берган ва пахтага олиб чиқилган Гулзода Тожибоевани автобус уриб юбориши натижасида у ҳалок бўлган эди. Мактабда ёшлар иттифоқи етакчиси бўлиб ишлаган Г.Тожибоевани ЎзЁИ олий маълумотга эга бўлмагани сабабли икки ҳафта бурун ишдан бўшатилгани ҳақида раддия эълон қилган эди.

Расмийлар ҳар икки вазиятда ҳам ўхшаш ҳаракат қилишди. Яъни, ўқитувчилар меҳнатга мажбуран олиб чиқилмаганини, ходим ўзи чиққанини даъво қилишган.

Яхшиямки, самарқандлик расмийлар Диана Енекеева олий маълумотга эга бўлмагани сабабли аллақачон ишдан бўшатилганини ёзишмади — ё эсларига келмаган, ё инсоф қилишган.