Хусусий мулк эгасининг вафотидан кейин ундан қолган мол-мулк тақдирини белгилаш, уни кимнинг эгалигига бериш масаласига ўтган барча даврда ҳал қилиниши лозим бўлган муҳим масала сифатида қаралиб, турли йўллар билан ҳал қилиб келинган, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати

Қадимда биргина ер участкаси, уй-жой, рўзғор буюмлари, иш қуроли ва чорва молларига нисбатан хусусий мулкчилик мавжуд бўлиб, шахснинг вафотидан кейин ушбу мол-мулклар урф-одат бўйича марҳумнинг фарзандлари эгалигига ўтган. Шунингдек, айрим мажбурият ҳуқуқлари, масалан марҳум ҳаётлигида олган қарзини  қайтаришни ҳам фарзандлар зиммасига қўйилган.

Бундан ташқари, қадимда марҳумнинг мулки тақдири, хусусан мерос масаласи асосан шариат қоидаларига кўра ҳал қилинган.   

Жумладан, мусулмон ҳуқуқида ўлган шахснинг мол-мулки шариат қоидалари ёки васият бўйича мерос бўлиб ўтиши, мерос очилган пайтда тирик бўлган барча қариндошлар меросхўр ҳисобланиши ҳамда ҳар бир меросхўрнинг ўз ҳиссасига эга эканлиги назарда тутилган.
     
Шариат қоидаларида, хусусан Қуръонда меросга доир масалалар ҳам ёритилган бўлиб, унга кўра марҳум қариндошларининг барчаси биргаликда эмас, балки улар марҳумга қариндошлигининг узоқ-яқинлиги ҳисобга олинган ҳолда навбати билан мерос олишга чақирилган. Марҳумнинг фарзандлари ва унинг авлоди энг яқин қариндошлар ҳисобланиб, ота-онаси вафот этган ҳолдагина набиралар бобосининг мулкига нисбатан меросхўр ҳисобланган. Марҳумнинг фарзандлари бўлмаган тақдирдагина ота-оналар ўз фарзандининг мулкидан мерос олиш учун чақирилган. 
     
Марҳумнинг фарзандлари ва ота-онаси бўлмаган тақдирда унинг мерос мулки яқин қариндошлари ўртасида тақсимланган бўлиб, мусулмон ҳуқуқида қариндошлар тўрт тоифага бўлинган. Марҳумнинг ворислари бўлмаган ва у томонидан васиятнома қолдирилмаган тақдирда марҳумнинг мулки хазинага топширилиб, давлат эгалигига ўтказилган.

Собиқ Иттифоқ даврида амалда бўлган қонунчилигида мерос мулки масаласида бир қатор нормалар мавжуд бўлсада, ўша давр жамиятининг иқтисодий негизини давлат мулки ташкил этганлиги, фуқаролар амалда арзирли хусусий мулкка эга бўлмаганлиги сабабли ушбу қонун нормаларига камдан-кам мурожаат қилинар ва уни ўрганиш, шарҳлаш ҳамда такомиллаштириб боришга у қадар зарурият мавжуд эмас эди.
     
Мулкчиликнинг ҳамма шакллари тенг ҳуқуқли эканлиги Бош Қомусимиз бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатланганлиги,  мулкчилик тўғрисидаги, ер тўғрисидаги, уй-жой фондини, мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисидаги бир қатор қонунларнинг қабул қилиниши, шунингдек, босқичма-босқич амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар, бозор муносабатларининг ривожланиши, кичик ва ўрта тадбиркорлик фаолиятининг қўллаб-қувватланиши  натижасида қисқа вақт ичида фуқароларимиз турли кўчмас ва кўчар мулклар, хусусан уй-жой ва нотурар-жой бинолари-ошхона, меҳмонхона, савдо дўконлари, корхоналар ва турли транспорт воситалари, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар, ер участкалари, фермер хўжаликлари ҳамда чорва моллари ва бошқа турдаги қонун билан тақиқланмаган мулкларнинг эгасига айланди.