Жаҳон | 12:29 / 24.03.2018
26007
2 дақиқада ўқилади

Туркияда таниқли хонанда Эрдўғанни ҳақорат қилгани учун 10 ойга қамалди

Фото: AS Haber

Туркиялик хонанда Зуҳал Ўлжай мамлакат президенти Ражаб Эрдўғанни ҳақорат қилгани учун ўн ойлик қамоқ жазосига маҳкум этилди, деб хабар бермоқда Hurriyet нашри.

Ўлжай 2017 йилнинг декабрь ойида ташкил этилган концертда чиқиш қилиб, ўзининг «Бўш дунё» қўшиғи сўзларини қўққисдан ўзгартириб юбориб, унга президентнинг номини қўшган. Натижада саҳнадан шундай сўзлар эшитилган: «Ражаб Тоййиб Эрдўған, ҳаммаси бўш, ҳаммаси ёлғон. Бир кун келиб бу ҳаёт тугайди, ва сизлар: “Бу туш эди” дейсизлар». Шу билан бирга, Ўлжай ҳақоратли ишорани кўрсатган. Аслида эса қўшиқ шундай бўлиши керак эди: «Иш, нуфуз, карьера, пуллар – ҳаммаси бўш, ҳаммаси ёлғон», дея ёзади газета.

Хонанданинг чиқиши видеога олинди ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эътиборини тортди. Туркияда президентни ҳақорат қилганлик учун тўрт йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилган. Прокуратура Ўлжай учун максимал муддат сўради.

Хонанданинг ўзи эса ёмон ҳеч нарсани назарда тутмагани ҳақида айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, ҳақоратли ишораси томошабинлардан бирига қаратилган бўлган. Шу билан бирга, Ўлжай 2010 йилда ҳам давлат хизматчисини ҳақорат қилгани учун жаримага тортилган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид