Жамият | 23:40 / 26.03.2018
37204
2 дақиқада ўқилади

Ўқитувчи ўлими тафсилотларини ёритган журналист ўзига нисбатан таҳдидлар ҳақида хабар берди

Самарқандлик журналист Каримберди Тўрамурод Facebook саҳифасида ўз журналистик фаолияти учун турли босим ва таҳдидлар остида қолгани ҳақида маълум қилди.

Ўзининг айтишича, 14 март куни Каттақўрғон туманида магистраль йўлни тозалашга олиб чиқилган мактаб ўқитувчиларидан бири — 23 ёшли Диана Еникееванинг ўлими тафсилотларини ёритган ушбу журналист бир неча марта «суиқасд қурбони бўлишига бир бахя қолган».

«Менинг ўзимдан қаҳрамон ё авлиё ясаш ниятим йўқ. Менга суиқасд қилишадиган даражада катта иш ҳам кўрсатганим йўқ. Аммо сиз, азиз ФБ дошлар, ҳамкасблар, бир нарсани билиб қўйишларингизни истайман: Диана фожиасини ёритганимдан сўнг турли таҳдидлар, ғаразли, ҳақоратли қўнғироқлар, турли идоралар томонидан босимлар, қўрқитиб қўйишлар, чўчитиб қўйишга интилишлар кўпайиб кетди», —деган у.

У ўзи дуч келган ҳодисаларни санаб, «ўзининг эҳтимолий ўлими» «режалаштирилган суиқасд» бўлиши эҳтимоли кўплиги ҳақида ёзади.

Шу билан бирга, у ўзига ким ва қайси томондан таҳдидлар бўлганига аниқлик киритмади.

Журналист аввалига «телефонини ҳам узиб қўйишгани»ни айтади, кейинроқ «у яна алоқага қайтган».

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 14 март куни Каттақўрғон туманида магистрал йўлни тозалашга олиб чиқилган 23 яшар мактаб ўқитувчиси Диана Еникеева фожиали ҳалок бўлган, унинг ёш фарзанди етим қолганди. Бу фожиадан кейин матбуотда мажбурий меҳнатга қарши чиқишлар бўлди, аммо расмийлар Еникеева ўз ихтиёри билан ободонлаштириш ишларида қатнашганини маълум қилди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид