Жамият | 00:10 / 27.03.2018
42585
11 дақиқада ўқилади

Қишлоқ аҳли масжид бузилганидан норози: Ерни харид қилган тадбиркор ҳақми?

Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги Буктарой қишлоқ фуқаролар йиғини, Сармижон МФЙ, Қўрғон қишлоғида яшаб келаётган фуқаролардан таҳририятимизга шикоят аризаси келиб тушди.

Биз вазият билан танишиш, фуқароларнинг даъвосини жойида ўрганиш, манфаатдор томонлар ва давлат ҳокимияти органларининг воқеага нисбатан муносабати ва изоҳини билиш учун Қўрғон қишлоғида бўлдик.

Воқеанинг қисқача тафсилоти шундай:

Қўрғон қишлоғида умумий ер майдони 200 квадрат метр бўлган, 17 болорли иморатдан иборат, қишлоқ аҳлининг жаноза ва ҳайит намозлари ўқиладиган, майитларни қабристонга элтувчи тобут ва мурдашўйлар ишлатадиган маййит ювиладиган ускуналар сақланадиган, ҳашар йўли билан бунёд этилган чойхонаси бўлган. Қишлоқ аҳолисининг бизга билдиришларича, ушбу ер майдони 1985 йилда колхоз ҳудудидан қишлоққа ажратиб берилган ва қишлоқ аҳли жамоатчилик асосида ундан фойдаланиб келган.

Буни Google Earth харитасидан 2006 йил 21 октябрда олинган суратдан ҳам кўриб олишимиз мумкин. Қизил фонда белгиланган ўша объект қишлоқ аҳли масжид деб даъво қилаётган жой.

Табиийки, қишлоқ аҳлининг бу жойга ҳеч қандай ҳужжати бўлмаган. Аслидаям, ҳамма бирдек фойдаланадиган жойга ҳужжатнинг нима кераги бор. Ҳужжат ернинг, иморатнинг эгасига керак. Эга эса шу қишлоқ аҳли.

Қишлоқда 2011-12 йиллар чамаси намунали лойиҳалар бўйича уйлар қурилади. Масжид деб аталаётган ҳудуд бузиб ташланмайди, атрофи қўшимча ерлар билан очиқ қолдириб кетилади: 200 квадрат метр майдонга эга бўлган масжид ва унга ёндош ҳудудлар жами 551 кв.м.ни ташкил этади. Буни Google Earth харитасидан 2012 йил 5 июлда олинган суратдан ҳам кўриш мумкин.

Ушбу ҳудуддаги масжид Google Earth’да сўнгги марта туширилган сурат — 2016 йил 1 октябрь куни ҳам мавжуд бўлган.

Энди воқеаларнинг бошқа томондан ривожланишига эътибор беринг.

Ғиждувон туман ҳокимлиги 2013 йил 16 август куни ушбу ер майдонининг 350 кв.м.дан иборат қисмини танлов савдоларига уч бўлиб чиқаради. Ҳудуддаги 7-участка — 100 кв.м (дорихона қуриш учун), 8-участка — 100 кв.м (савдо дўкони қуриш учун) ва 9-участка — 150 кв.м (маиший хизмат кўрсатиш пункти қуриш учун) аукционда сотилади. Ер участкаларини «Сувон Қурбон қувончи» фермер хўжалигининг вакили шу туманнинг Лабирўт қишлоғида истиқомат қиладиган Қурбонова Лобар танловда ютиб олади ва унга 2016 йил 27 октябрда (савдолардан уч йил ўтиб!) Ғиждувон туман ҳокимлигининг қурилиш учун ер майдони ажратиш тўғрисидаги 1338, 1339, 1340-қарорлари қабул қилинади.

Қўрғон қишлоғи аҳлининг даъвосига кўра, 551 кв.м. ер майдонидан 350 квадрат метри сотилган, лекин деярли 33 йилдан бери қишлоқ аҳли фойдаланиб келаётган 200 кв.м. юзага эга масжид эмас. Қўрғонликларнинг хавотирига кўра Л.Қурбонова қўлга киритган ерга унинг турмуш ўртоғи Дилмурод Қурбонов бутун қишлоқ аҳлига тазйиқ ўтказиб, масжидни бузиб ташлаб, ер майдонининг қоқ ўртасидан 350 кв.м. жойга маиший хизмат кўрсатиш биносини қурмоқда.

Боз устига, ушбу ер майдонига танлов ҳеч кимга эълон қилинмасдан ўтказилган, аукцион савдоларига Д.Қурбонов ва унинг рафиқаси Л.Қурбонова қўйилган, холос ва улар ўзаро тил бириктириб, ерни арзон-гаровга харид қилишган. (Масалан, ўша 1,5 сотих ер 1,1 миллион сўмга олинган). Қўрғонликларнинг даъвосига кўра, агар аукцион ҳалол ўтганида шу қишлоқ аҳли тадбиркорлари ҳам қатнашар эди.

Қўрғонликларнинг айтишича, маскали махсус куч ишлатар хизмат вакиллари келиб, масжид ичига йиғилиб, унинг бузилишига монелик қилмоқчи бўлган қишлоқ аҳлини калтаклаб ҳайдаган.

Қишлоқ аҳлининг даъвосида жон бор: Д.Қурбонов ушбу қишлоқда истиқомат қилмайди, улар билан ўлик-тириги бир эмас, бу ердаги масжид бузиладими, қабристон бузиладими, унинг иши йўқ, албатта. Қурилиш ишлари тугагач, бино кадастр қилинади ва сотиб юборилади. Бўлди, қишлоқ аҳли 33 йил фойдаланиб келган чойхона-масжидсиз қолади.

Қишлоқ аҳолиси маййитларга жаноза энди кўчаларда ўқилаётгани, марҳумларни сўнгги йўлга элтувчи тобут, нарвон, ювиш тахтаси каби нарсалар қишлоқликлардан бирининг уйида турганини айтишди.

Қўрғон аҳли биз билан суҳбатда ўз дардларини достон қилаётган бир пайтда фермер Д.Қурбонов ҳам келиб қолди ва ўзининг важларини айта кетди. У ерни ҳалол танловда қўлга киритгани, 200 кв.м. ерни қишлоқликлар бориб ҳокимдан сўраши кераклигини айтиб, тадбиркор экани ва бу ерда ишчи ўринларини яратишини таъкидлади.

Д.Қурбонов маиший бино ён тарафдаги намунали уйларга ёпиштириб қурилмаганига сабаб қилиб, ушбу иншоот маиший хизмат кўрсатиш уйи экани, ўт ўчириш хизмати учун захира йўлак қолдирилганини айтиб ўтди. Адолат юзасидан тан олиш керак, Д.Қурбонов ўзи қураётган иншоотдан битта хонани қишлоқ аҳлига чойхона учун ажратишини, ўша хонага ёндош майдонда бостирмали айвон қуриб беришини, буларнинг барчасини ўз ҳисобидан амалга оширишини ҳам айтиб ўтди.

Хуллас, Афандининг латифадаги «бу мушук бўлса гўшт қани, бу гўшт бўлса мушук қани?» деган гаплари эсга тушади, беихтиёр. Ўзи ўша 350 квадрат метр майдон 5,5 сотихнинг айнан қаеридан сотилган? Жами майдон 551 кв.м. майдон бўлса, масжид 200 кв.м. бўлса... мантиқан ўйлаб қаралганида ҳам, масжиднинг жойи ва ҳовлиси ташланиб, қолган жойга қурилиш қилиниши керак эмасмиди?

Ахир ер майдони алоҳида учга бўлиб сотилган, уни бир киши эмас турли уч киши алоҳида-алоҳида ҳам харид қилиши мумкин эди-ку?! Ҳозир учта ер майдонини ҳам бир киши қўлга киритгани учун яхлит лойиҳа бўйича қурилиш қилиняпти. Дорихона учун ажратилган 100 кв.м ер учун қўрғонликлардан бири ҳам танловда даъвогар бўлгани ҳақида Д.Қурбоновнинг ўзи айтди. Ўйлаб кўринг, агар танловда турли уч киши ютганида нима бўларди?

Хўш, ўша айтилган биноларни масжид атрофидаги 350 кв.м. ер майдонида тиклаш мумкин эмасмиди? Бемалол мумкин эди! Танловга тикилган уч хил бинони намунали уйларга тақаб, «Г» шаклида, бири бирига халақит бермайдиган қилиб жойлаштириш мумкин эди. Мана шу ҳолатда сих ҳам, кабоб ҳам куймасди.

Умуман, бизга тақдим этилган ҳужжатларда танловга тикилган ер майдонлари қай тариқа ўлчангани, айнан қаер сотилгани ҳақида бирор схемани учратмадик. Жами 551 кв.м. ер майдони ичига 350 кв.м.ни бемалол жойлаштириш мумкин.

Бизга тақдим этилган фуқаро Қурбонова Лобарга тегишли 150 кв.м майдонда қурилиши керак бўлган маиший хизмат кўрсатиш пунктининг 2013 йил 6 ноябрда тайёрланган, Ғиждувон туман архиттектура ва қурилиш бўлими бошлиғи Ш.Жалолов томонидан имзоланган архитектура режалаштириш топшириғи (АРТ) га кўз юритамиз. АРТнинг 2-бўлими — Ер майдонининг ҳудуд тарҳидаги жойлашувида танланган ер майдони:

  • шимолдан — намунавий уй жойлар билан;
  • жанубдан — ички йўл билан;
  • шарқдан — Бухоро – Тошкент М37 автомобиль йўли ҳимоя қисми билан;
  • ғарбдан — намунавий уй жойлар билан чегаралангани айтилган.

Лекин бундай чегарадаги ер 551 кв.м. ер майдонини тўлиқ қамраб олади. 150 кв.м. майдон санаб ўтилган объектларнинг бири билан албатта чегарадош бўлолмайди. Оддий геометрия!

Ғиждувон туман архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи Ш.Жалоловнинг имзоси турган иккита вазият режасига кўзимиз тушди. Ҳар иккисида масжид дея даъво қилинаётган 2,0 сотих ҳудуд белгиланган. Бироқ уларнинг бирида «масжид» деб кўрсатилган бўлса, иккинчисида «захира ери» эканлигини қайд этилган.

АРТнинг 9-, бузиладиган бино ва иншоотлар ҳамда мавжуд бинолардан фойдаланиш бўлимида «Майдонда бузиладиган ва кўчириладиган иншоотлар мавжуд эмас», деб кўрсатилган, ҳолбуки масжид бор эди ва у икки ой муқаддам норози қишлоқ аҳлига нисбатан куч ишлатилиб, бузиб ташланган.

Дарвоқе, бузиш учун бирор суд қарори йўқ. Бундай ишлар аслида МИБ томонидан амалга оширилади, маскали махсус қўшинлар билан эмас.

Қўрғонликларнинг туман ҳокими, туман прокуратураси, вилоят ҳокимият, президент виртуал қабулхонасига бу борада ёзган аризалари «ер майдони танловда ҳалол йўл билан, қонуний сотиб олинган», деган бир хил важ билан ёпиб келинмоқда.

Биз Ғиждувон туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Баҳриддин Эргашев билан учрашиб, ушбу масала юзасидан изоҳ сўраганимизда у ҳам Д.Қурбонов рафиқаси раҳбарлик қилаётган фермер хўжалиги номига ер майдонларини танлов орқали қонуний йўл билан қўлга киритгани, бу ер туман ҳокимлигининг захира ери ҳисобланиб келингани, қишлоқ аҳолиси учун масжид 500 метр наридаги қабристон яқинида жойлашгани ва фаолият кўрсатаётганини, жаноза намози ўқиш учун у ерда барча шароит борлигини таъкидлади. Аммо ҳоким ўринбосари ҳам 551 квадрат метрдан айнан қайси қисмидан 350 квадрат метри танловга қўйилганига аниқлик киритмади.

Воқеа 2013 йилда бошланган. Ўртада яхши-ёмон гаплар бўлиб ўтган. Биз қўрғонликларга судга даъво аризаси билан мурожаат қилишни, ваколатли органлар яна бир бор танловга қўйилган ер тарҳи чизмаларига эътибор қаратишни, ўша 551 кв.м. ер майдонидан 350 кв.м. (100+100+150 кв.м) бўлаклар қай тарзда жойлаштирилиб танловга чиқарилгани, Қўрғон қишлоғи аҳоли масжид деб даъво қилаётган 200 кв.м. ер майдони ва у ерда қад кўтарган 40 кв.м.ли уй тақдири нима бўлиши бизга ҳам қизиқ.

Қолаверса, масаланинг маънавий тарафи ҳам борки, кўпчилик қатор йиллардан бери фойдаланиб келган жойни сотиб юбориш, у ерда иншоот қуриб фойдаланиш ёки қўрғонликлар даъво қилишаётганидек, ўзгага пуллаб юбориш ортидан келадиган пуллар ҳалол ва баракали бўлармикан? Кўпнинг қарғиши деган гаплар бор, ахир…

Kun.uz бу мавзуга яна қайтади.

Шуҳрат Шокиржонов,
журналист

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид