Технология | 23:20 / 29.03.2018
5794
2 дақиқада ўқилади

Telegram узилишларнинг олдини олиш учун модернизация ишларини олиб боради

Telegram мессенжери раҳбарияти кейинги вақтларда кузатилаётган кенг кўламли узилишларга чек қўйиш мақсадида ускуналарни янгилайди, хусусан, электр таъминотида модернизация ишларини олиб боради. Бу ҳақда мессенжер асосчиси Павел Дуров маълум қилган.

Бугун, 29 март куни Telegram мессенжери дунёнинг кўплаб мамлакатларида, АҚШ ва Европада, МДҲда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам маълум муддат ишламай қолди. 

Павел Дуровнинг изоҳлашича, узилишлар «Telegram сервери кластерларидан бирида қувват ўчиб қолиши билан боғлиқ муаммо туфайли» кузатилган.

«Бундай узилиш бошқа такрорланмаслиги учун биз муҳандисларимиз ва ахборот маркази ходимлари билан тўғридан-тўғри алоқа қилиш имконини ўрнатдик, электр таъминотида модернизация ишларини бошлаймиз», деган Дуров.

У бугунги узилишлар Америка ва Шарқий Осиёдаги фойдаланувчиларга тааллуқли бўлмаганини қайд этиб ўтган.

Дуров шунингдек, бугунги муаммолар учун узр сўраган ва фойдаланувчиларга мессенжер фаолияти тиклангунича сабр қилганликлари учун миннатдорчилик билдирган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид