Жаҳон | 21:10 / 01.04.2018
11916
2 дақиқада ўқилади

Нетаньяҳу Туркияни Исроилга «ахлоқдан дарс бермаслик»ка чақирди

Фото: © РИА Новости

Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяҳу Туркия томонининг Ғазода фаластинлик намойишчиларга куч қўлланиши бўйича айбловига муносабат билдирди. Унинг айтишича, Анқарадагилар «дунёдаги энг ахлоқли армия»га одобдан дарс беришга ҳақли эмас.

Туркия исроиллик ҳарбийларни жума куни Ғазо секторидаги тартибсизликлар вақтида намойишчиларшга ўт очишда айблаганди. Ғазо сектори ва Исроил чегарасида фаластинлик намойишчилар ва Исроил армияси ҳамда полициячилар ўртасида юзага келган тўқнашувлар оқибатида 16 киши ҳалок бўлиб, 1,5 мингдан ортиқ киши яраланганди.

«Дунёдаги энг одобли армияга кўп йиллар давомида тинч аҳолини бомбардимон қилиб келаётганлар ахлоқдан дарс ўтишга ҳақли эмас», дейилган Нетаньяҳунинг баёнотида.

«Кўринишидан, Анқара 1 апрель куни ҳазил қилмоқда», дея қўшимча қилган у.

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги жума куни «тинч намойишчиларга қарши қурол қўллангани»ни иддао этиб, Исроилдан зудлик билан бунга барҳам беришни сўраганди. Кейинроқ Туркия президенти бу ҳолатни исроилликларнинг «ноинсоний ҳужуми» деб атади.

Исроил ҳарбийлари минглаб кишилардан иборат намойишни тўхтатиш учун ўточар қуроллар қўлланганини тан олди, буни улар давлат чегараларини қўриқлаш зарурати билан изоҳлашди ва қон тўкилиши учун анклав раҳбариятини айблади.

Исроил армиясидагиларнинг маълум қилишича, жума кунги намойишларда 30 мингдан ортиқ киши иштирок этди. Исроиллик ҳарбийлар намойишчилар 18-30 ёшлар оралиғида бўлгани ва уларнинг аксар қисми маҳаллий жангари гуруҳлар вакиллари бўлганига эътибор қаратишди.

Мавзуга оид