Ўзбекистон | 22:49 / 02.04.2018
18678
5 дақиқада ўқилади

Бухорода "Насриддин Афанди" фестивали: Хорижликлар фестиваль ҳақида қандай фикрда?

1 апрель куни Бухоро вилоятида "Насриддин Афанди" фестивалига старт берилди. Фестиваль доирасида 10 дан ортиқ лойиҳа ўтказилиши белгиланган бўлиб, шундай лойиҳалардан бири Шарқ таомлари ва бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмалари, ширинликлар, қандолат, салат ва карвинг санъати бўйича маҳорат дарсларидир. KUN.UZ Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари берган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

Лойиҳанинг энг азиз меҳмонлари Туркия ва Япония давлатларидан ташриф буюрган маҳоратли ошпазлар ҳам бу тадбирда фаол қатнашишди. Қизиғи шундаки, меҳмон-ошпазлар тадбирда қатнашиш билан бир вақтда вилоят аҳли ҳамда чет эллик сайёҳлар учун миллий таомларни тайёрлаш бўйича маҳорат дарсларини олиб боришмоқда.

«Насриддин Афанди» фестивали доирасида вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари ўз миллий таомлари жой олган тўкин байрам дастурхонини ёзишди. Айниқса, Ғиждувон ва Шофиркон туманларининг байрам дастурхонлари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Бухорода ўтказилаётган «Насриддин Афанди» фестивали иштирокчиларнинг тантанали юришлари билан бошланди. Фестиваль иштирокчилари «Арк» қўрғонидан "Лаби-ҳовуз" мажмуасига қадар бўлган масофани босиб ўтишди. Иштирокчилар қаторидан вилоят мусиқали драма театри актёрлари, ёшлар, бир гуруҳ санъат вакиллари жой олишган. Тантанали юриш манзилга етиб келгунга қадар томошабинларни ҳам ўз сафига чорлади.

«Насриддин Афанди» фестивали иштирокчиларининг тантанали юришлари байрамона кайфиятда ўтди. Уларнинг қувноқ ҳазиллари, ажойиб рақслари, афандинамо кийимларининг бари вилоятимиз аҳли билан биргаликда чет эллик сайёҳларни ҳам ўзига жалб этди. 

Германия давлатидан ташриф буюрган меҳмонлар катта бир шодиёнанинг устидан чиқишди. «Насриддин Афанди» фестивали доирасида ўтказилаётган ранг-баранг лойиҳалар, миллий қадриятлар тараннуми, шўх қўшиқлар, бетакрор миллиёна рақслар меҳмонларга байрамона кайфият бахш этди.

"Айни мана шу байрам кунларида Бухорога келганимдан беҳад хурсандман, - дейди германиялик Мария. - Бугунги фестиваль ўзбек миллати, хусусан, Бухоронинг кўҳна тарихи, буюк халқ эканлигини бўй-басти билан намоён этди, десам адашмаган бўламан. Айниқса, сизларнинг миллий таомларингизнинг таъмини ҳеч қачон унутмасам керак".

Корея Республикасидан ташриф буюрган Ким Ёнг Пак фестиваль таассуротлари билан бўлишди: 

"Бухорога «Насриддин Афанди» фестивалида иштирок этиш мақсадида келганман. Фестивалнинг мақсад ва вазифалари, дастури билан танишганимда бу қадар шов-шувли, бу қадар қизиқарли бўлишини тасаввур ҳам қилмаган эдим. Фестивални ташкиллаштириш жараёнида ҳар бир деталга, ҳар бир йўналишга алоҳида эътибор қаратилгани мени жуда қувонтирди. Бир кунлик фестивалда олган таассуротларим асрларга татигуликдир".

Туркия фуқароси Эмир ҳам феcтиваль ҳақидаги  таассуротлари билан ўртоқлашди:

- «Насриддин Афанди» фестивали ҳақида эшитишим биланоқ у менда катта қизиқиш уйғотди. Ўтган йили «Ипак ва зираворлар» фестивалида иштирок этган эдим. Фестиваль жараёнлари кечагидек ёдимда. Миллий матоларда ял-ял ёнган гўзал қизлар, ширин ва тотли таомлар, қизиқчилар, дорбозлар чиқишлари, бетакрор рақслар - буларга шунчаки таъриф бериб бўлмайди. Бугун эса "Насриддин Афанди" фестивалида иштирок этяпман. Хўжа Насриддин Афанди ҳақида кўп эшитганман. Айниқса, унинг қизиқарли ҳажвиялари, самимий латифаларини ўқиб оила аъзоларим билан роса мириқиб кулганмиз. Фестивалда эса Насриддин Афандининг издошлари бўлган қатор қизиқчиларингиз билан танишдик. Жонли ижрода латифаларни эшитдик. Менга жуда ёқди".

Бухорода ўтаётган «Насриддин Афанди» фестивали доирасида "Амалий ва бадиий санъат кўргазмаси, ҳажвий расмлар кўрик-танлови ҳам ўтказилди. Танловда ижодкор ёшлар, ёш иқтидор соҳиблари иштирок этишди.

Покистон давлатидан ташриф буюрган 30 нафарга яқин сайёҳлар ҳам фестиваль доирасида ташкил этилган лойиҳаларда фаол иштирок этиб, миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз, анъаналаримиз билан яқиндан танишишди, миллий таомларимиздан бахраманд бўлишди.

«Насриддин Афанди» фестивалида вилоят ёшлари ҳам ҳар томонлама фаоллик кўрсатишди. Чет эллик сайёҳларга фестивалнинг мақсад ва вазифалари, тартибини тушунтиришда, томошабинларнинг вақти мазмунли ўтишини таъминлашда, фестиваль иштирокчиларига қулайлик яратишда катта иштиёқ билан ҳаракат қилишди.

 

 

Мавзуга оид