Жаҳон | 22:06 / 04.04.2018
4062
2 дақиқада ўқилади

Россияда интернет орқали харид ҳажми 1 трлн рублдан ошиб кетди

Фото: Sostav.ru

Россияда интернет-савдо бозори 2017 йилда 13 фоизга ошиб, 1,04 трлн рублни ташкил қилди. Бу ҳақда Интернет-савдо компаниялари уюшмасида (АКИТ) маълум қилинган. Бироқ бу натижа уюшманинг умидларини оқлай олмади, у бозор 25 фоизга ўсиб, 1,15 трлн рублни ташкил қилишини кутганди.

“Биз каттароқ натижа кутгандик. Ўсиш 2 марта секинлашган”, деб айтган АКИТ президенти Алексей Фёдоров. У ўсиш секинлашганини 2017 йилда россияликларнинг харид қилиш қобилияти 9 фоизга камайгани билан тушунтирган. 

Уюшма 2018 йилда интернет-савдо бозори ҳажми 1,25 трлн рублга етишини кутмоқда.

Фото:VC.ru

2017 йилда россияликлар хорижий интернет-дўконларда 374,3 млрд рубл сарфлашган, бу эса 2016 йилга нисбатан 24 фоиз кўпроқ бўлган. Хорижий дўконларга россияликларнинг барча онлайн-харидларининг 36 фоизи тўғри келган.

Хорижий харидларнинг 91 фоизи Хитойга тўғри келган. Бу борада Европа Иттифоқи улуши 3 фоизни, АҚШники 2 фоизни ташкил қилган.  

Фото:VC.ru

Россияликларнинг хорижий интернет-дўконлардаги аксарият харидлари қиймати бож тўланмайдиган сумма – 22 евродан ошмайди. Бундай харидларга транзакцияларнинг 61,4 фоизи, 22 евродан 55 еврогача буюртмаларга 22,2 фоизи, 50 евродан 150 еврогача харидларга 11,6 фоизи тўғри келган.

Фото:VC.ru

Айни вақтда дунёдаги энг йирик электрон савдо бозори Хитой ҳисобланади. 2017 йилда Хитойнинг интернет-савдо бозори 32 фоизга ошиб, 1,15 трлн доллардан кўпроқни ташкил қилган. Бу борада 2-ўрин АҚШга тегишли, 2017 йилда унинг интернет-савдо бозори ҳажми 455 млрд долларни ташкил қилган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид