Жаҳон | 20:19 / 04.04.2018
4413
2 дақиқада ўқилади

Трамп АҚШ қўшинларининг Сурияда яна маълум муддат қолишига рози бўлди – ОАВ

Фото: 24 Канал

АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШ қўшинларининг Сурияда яна бироз муддатга қолишига рози бўлди, бироқ у ҳамон қўшинларнинг у ерда узоқ қолишига қаршилик билдирмоқда. Бу ҳақда Оқ уй маъмуриятининг юқори лавозимли вакилига иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги хабар берди. 

“Биз қўшинларни дарҳол чиқармоқчимасмиз, бироқ президент қўшинларни узоқ муддат қолдирмоқчи ҳам эмас”, деб айтган манба.

Трамп бу қарорни 3 апрелда Оқ уй ҳузуридаги миллий хавфсизлик кенгашининг йиғилишида қабул қилган. Таъкидланишича, Трамп ИШИД террорчилик гуруҳи яксон қилинганини кафолатламоқчи ҳамда минтақанинг бошқа давлатларини Сурияда барқарорликни таъминлашда ёрдам беришга чақирмоқчи.   

Оқ уй вакиллари бу хабарни тасдиқлаш ҳақидаги илтимосга ҳозирча жавоб беришмаган. 

Трамп аввалроқ АҚШ Суриядан қўшинларни иложи борича тезроқ олиб чиқиши кераклигини айтиб ўтган. Трамп 3 апрелда Латвия, Литва ва Эстония етакчилари билан матбуот анжуманда Вашингтон Сурияда ИШИДни деярли яксон қилганини ва АҚШ Суриядан тезда кетиш қарорини қабул қилиш истагидалигини айтган.

Шу билан бирга АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги раҳбари, генерал Жозеф Вотел АҚШ қўшинларининг Сурияда қолиши террорчилардан озод қилинган ҳудудларда вазиятни барқарорлаштириш, тинч аҳолининг ўз уйларига қайтиши ва мамлакатни тиклашда талаб этилишини айтган.

Айни вақтда Сурияда 2 мингга яқин америкалик ҳарбий бор.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид