Жаҳон | 19:24 / 05.04.2018
9148
2 дақиқада ўқилади

Марк Цукерберг: "Бу ишни мен бошлаганман, мен бошқараман ва барчаси учун ўзим жавобгарман"

Фото: vc.ru

Facebook асосчиси Марк Цукерберг ижтимоий тармоқнинг 2 миллиарддан ортиқ фойдаланувчиси маълумотлари хавф остида қолиши билан боғлиқ хатоларни тан олди. Бироқ Цукерберг компанияни бошқариши мумкин бўлган энг муносиб инсон унинг ўзи деб ҳисоблайди. 4 апрель куни журналистлар билан кечган конференцияда у истеъфога чиқиш ниятида эмаслигини маълум қилди.

Директорлар кенгаши Facebook раҳбарининг истеъфоси масаласини муҳокама қилаётгани ёки йўқлигига доир саволга Цукерберг бундан бехабар эканини айтган. Facebook'нинг йирик акциядорларидан бири — Нью-Йорк пенсия фондини бошқарувчи молиявий назоратчи Скотт Стрингер Цукербергнинг истеъфосини талаб қилган, у Facebook акцияларига 1 миллиард доллар киритган.

Цукерберг шунингдек 87 миллион фойдаланувчи маълумотлари тарқалиши билан боғлиқ можаро сабаб бирор ходимни ишдан бўшатмоқчи эмаслигини айтган. "Мен буни бошлаганман, мен бошқараман ва бу ерда бўлаётган ишлар учун ўзим жавоб бераман", - деган у.

Cambridge Analytica билан боғлиқ можародан кейин бошланган фойдаланувчиларни ўз саҳифаларини ўчиришга чақирилган #DeleteFacebook акцияси Facebook бизнесига катта таъсир кўрсатмади, қўшимча қилди Цукерберг.

Мавзуга оид