Жамият | 23:57 / 05.04.2018
45119
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон-Афғонистон чегараси: Иккинчи кун таассуротлари

Жорий йилнинг 30-31 март кунлари Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан ОАВ вакиллари учун медиа-тур ташкил этилгани ҳақида туркум мақолалар бериб борилмоқда. Қуйида саёҳатимизнинг сўнгги кунига доир таассуротларим билан ўртоқлашаман. 

2018 йил 31 март. Телефоним уйғотгичи ярим тун соат 3-30да жиринглади. Хонадошларим уйғониб кетмаслиги учун тезда уни ўчирдим. Ахир соат 4-00да жанговар навбатчиликка чиқиш учун сафга туришимиз керак. Тўғрисини айтганда, янги жойда яхши ухлай олмайман. Туни билан деярли уйқу бўлмади. Бунинг яна бир сабаби шундаки, хизматдаги чегарачи аскарларнинг ўз навбати билан ҳар соатда постга чиқишлари туфайли эшитилиб турган ўзига хос шовқинлари эди.

Албатта, бизларга истисно қилиниб, тунги-тонгги тадбир хоҳлаганлар учун эканлиги айтилганига қарамай, журналистларнинг деярли барчаси, ҳатто икки нафар қизлар ҳам ҳатто тараддуд қилишни ёдларига келтирганлари йўқ. 16 кг.лик зирхли нимча ва темир бош кийим. Сафга туриб, вазифаларимиз яна бир бор тушунтирилгач, йўлга чиқдик. Биз қоронғу бўлишига қарамай, сафда бир-биримизга ёрдам бера оладиган даражадаги масофани сақлаган ҳолда юришимиз ва чегарада ўрнатилган симтўрлар узилгани ёки йўқлигига, махсус ҳайдалган йўл узра одам ёхуд ҳайвон излари тушган-тушмаганини аниқлашимиз керак эди.

Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz
Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz
Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz

Ҳали тонг отишига анча борлигига қарамай, Чегара қўшинлари қўмондонлиги ва чегарачилар ҳамроҳлигида йўлга тушдик. Маълум бўлишича, чегарачилар одатда ўзларига бириктирилган 7 км масофани 1 соат бир томонга, 1 соат ортга текшириб чиқишлари керак. Низомнинг хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш лозим. бундан ташқари, чегара линиясидаги текисланган ерда избор-йўқлигини аниқлаш баробарида зийраклик ва сергакликни бир дақиқа бўлсин унутишлари мумкин эмас.

Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz

Дангал сўзни айтганда, елкамизда 16 кг.лик зирхли нимча ва темир бош кийим билан 3,5-4 км.ча чамаси пиёда йўл юрганимиздан сўнг, нимчанинг сезиларли оғир экани сезилди. Ниҳоят, наздимда узоқ куттирган тонг. 

Ана уфқ шуласи булутлар орасидан таралмоқда. Жонажон Ватанимиз – Ўзбекистонда тонг ота бошлади.

Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz

Бир тасаввур қилинг! Сиз чегарачисиз ва сизга Ватангизнинг энг қалтис чегара ҳудудида хизмат қилиш мажбурияти юкланган. Бу 32 млн киши истиқомат қиладиган юрт чегарасининг энг қалтис ҳудудини, сизга ишониб топширди, демакдир. Ахир ортингизда  жажжи қоракўзлар, келажакка ишонч билан боқаётган ёшлар, сизни эрта-ю кеч дуо қилаётган ота-оналар ва кексалар бор. Чунки сиз гўёки Ўзбекистон деб аталмиш катта оиланинг дарвозасини қўриқлаяпсиз. Сиз ва чегаранинг нариги томонидаги эҳтимолий ғаразгўй ўртасида ҳеч ким йўқ. Чегарабузар билан биринчи бўлиб айнан чегарачи қарама-қарши келиши эътиборга олинса, бу иш қанчалик масъулиятли бурч эканини англаш қийин эмас.

Тонгни, қуёшнинг илк шуъласини чегарада қарши олдик. Шундан сўнг, биз журналистларни аяган қўмондонлик ҳарбий қисмга машинасида олиб кетишга қарор қилди. Олдинда бизни ҳарбийча нонушта, бир оз тин олиш ва дастур бўйича Ҳаким ат-Термизий қабрларини зиёрат қилиш кутаётган эди. 

Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz
Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz
Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz

9221 “U” ҳарбий қисмини тарк этарканмиз, чегарачилик жуда ҳам жиддий, доимо зийракликни талаб қилувчи вазифани эканини англаган ҳолда у ерда хизмат бурчини адо қилаётганлар ва чегарачиликни касб сифатида танлаганлар ҳақиқатда Ватаннинг улар зиммасига юклаган бурчни аъло даражада бажараётганига ишончимиз комил бўлди. 

Буюк муҳаддис, ўз замонасининг йирик олими Ҳаким ат-Термизий қабрини зиёрат қилганимиздан сўнг, навбатдаги манзил Давлат хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилиш қўмитаси “Жануб” чегара қўшинлари минтақавий штаби чегара қўриқлаш катерлари алоҳида базаси.

Қайд этиш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 12 январь ҳамда 2008 йил 10 январь кунги фармони билан “Жалолиддин Мангуберди” ордени билан мукофотланган. Ҳарбий қисмлар ушбу орден билан шу вақтгача 5 маротаба мукофотланган бўлса, шундан иккитаси айни шу базага берилгани ҳам Термиз чегарасини қўриқлаш қанчалик аҳамиятли эканини билдиради.

Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz

Журналистлар гуруҳи билан бирга катерлар алоҳида базасига кириб келдик. Белгиланган вақтда катерлар воситасида Амударё бўйлаб чегара назоратига чиқиб, дарё чегарачилари фаолияти билан танишдик. Сўнгра база қошида ташкил этилган музей ашёларини томоша қилдик. 

Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz
Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz
Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz
Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz
Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz
Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz
Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz
Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz
Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz
Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz
Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz

Шундан сўнг, “Кают-кампания” деб аталувчи махсус ошхонада тушлик қилиниб, Тошкентга учиш учун Термиз аэропорти томон йўл олдик. 

Фото: Фаррух Алиев / xabar.uz

Хулоса ўрнида айтишим мумкинки, чегара зонасидаги иккинчи кунимиз ҳам мароқли ўтди, дейишга юз фоиз асос бор. Яна бир жиҳати шундаки, 18 нафар ҳамкасб-журналистлар чегарачи-сафдошлар ҳам бўлди. Ўзбекистонни, унинг чегараси дахлсизлиги, фуқаролари тинчлиги ва осойишталигини қўриқлашга бир кун бўлса-да ҳиссасини қўшишди. Уларнинг барчаси Ўзбекистон Республикасига хизмат қилишларини фахр ва ифтихор билан таъкидлашди. 


Чегарачи-журналист Толиб Раҳматов

Мавзуга оид