Ўзбекистон | 21:01 / 06.04.2018
14197
5 дақиқада ўқилади

Электр, газ, иссиқлик, сув таъминоти ва сув чиқариб ташлаш тармоқларига уланиш Давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилади

Фото: Kun.uz

Муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди. 

Ҳужжат билан қуйидагилар муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича давлат хизматлари (кейинги ўринлар давлат хизматлари деб аталади) кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари ҳисоблансин:

давлат хизматлари кўрсатишда юридик ёки жисмоний шахсларнинг бевосита иштирок этишини талаб қиладиган тартиботлар сонини ҳамда уларни кўрсатиш муддатларини тубдан қисқартириш;

юридик ва жисмоний шахслардан бошқа давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан олинадиган ҳужжатлар ва маълумотлар талаб қилинишини бекор қилиш;

давлат хизматлари кўрсатишда бюрократик тўсиқ ва ғовларга йўл қўймаслик мақсадида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўртасида ўзаро яқин идоралараро электрон ҳамкорлик ўрнатиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолияти самарадорлигини, тезкорлигини ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг масъулиятини ва ижро интизомини кучайтириш;

Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталини (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) давлат хизматлари кўрсатиш учун ягона ахборот майдончаси сифатида белгилаш.

Белгиланишича, 2018 йил 1 апрелдан бошлаб ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентларга мувофиқ кўрсатиладиган давлат хизматларидан фойдаланиш учун юридик ва жисмоний шахслар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали мурожаат қиладилар.

“Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ ва Ўзбекистон Республикаси Уй-жой- коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва давлат хизматлари кўрсатилишида иштирок этадиган бошқа давлат органлари:

ўн кун муддатда давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг намунавий шакллари, бланкалари ишлаб чиқилишини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланишини;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда 2018 йил 1 апрелгача бўлган муддатда ҳудудий бўлинмалар, идоравий мансуб ташкилотлар ва давлат хизматлари кўрсатилишида иштирок этадиган бошқа тузилмаларнинг ЯИДХПга уланишини;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва Савдо-саноат палатаси билан биргаликда 2018 йил мобайнида ҳар чоракда камида бир марта Давлат хизматлари марказларининг ходимлари иштирокида ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентларни амалда қўллашнинг самарадорлиги ва натижадорлиги даражасини оширишга йўналтирилган ўқув семинарлари ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлайдилар.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда 2018 йил 1 апрелгача бўлган муддатда ЯИДХПда:

давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида юридик ва жисмоний шахслар мурожаатларининг кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартиботини;

лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ва созлаш-ишга тушириш ташкилотларидан тижорат таклифларини олиш учун юридик ва жисмоний шахсларнинг муҳандислик- коммуникация тармоқларига уланиш бўйича техник шартларини жойлаштиришни назарда тутувчи тизимни жорий этади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банк, Давлат солиқ қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги давлат хизматларини кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда 2018 йил 1 апрелгача бўлган муддатда Ягона биллинг тизими орқали реал вақт режимида электрон шаклда тўловлар қабул қилинишини ҳамда давлат хизматлари кўрсатилиши учун тўланган давлат божлари ва йиғимлар суммаси ҳисоби юритилишини таъминлайдилар.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги:

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг улар томонидан давлат хизматлари кўрсатилишининг белгиланган тартибига риоя этилиши юзасидан фаолияти устидан, шу жумладан, ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатади;

ушбу қарор билан тасдиқланган давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий регламентларнинг талабларини бузганлик учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жазоларни қўллайди.

Белгилаб қўйилишича, давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги раҳбарлари ушбу қарорда назарда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Ж.Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси А.С.Султанов на Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К.Давлетов зиммасига юкланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид