Спорт | 16:14 / 08.04.2018
20919
2 дақиқада ўқилади

«Манчестер Юнайтед» Неймар учун икки футболчисини бермоқчи

Фото: Paul White/ AP Photo

«Манчестер Юнайтед» ёзги трансферлар вақтида Неймар учун «Пари Сен-Жермен»га таклиф билан чиқмоқчи. Бу ҳақда Daily Star нашри хабар тарқатди.

Манба берган хабарга кўра, француз клуби манчестерликларнинг икки нафар футболчиси - Поль Погба ва Антони Марсиални қўлга киритишни истамоқда. Томонлар трансферни худди шундай кўринишда бартер қилиши мумкин.

Қайд этилишича, «қизил иблислар» бош мураббийи Жозе Моуриньо ҳам футболчиларини Францияга қўйиб юборишга тайёр. Парижликлар эса Неймар эвазига икки футболчидан ташқари, қўшимча 50 миллион фунт ҳам ундирмоқчи.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ бразилиялик футболчи Франция чемпионати ўйинларидан қониқмаган ва жамоани тарк этиш ниятида юргани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Апрель ойи бошида Неймар агар Мадриднинг «Реал» клубига трансфери амалга ошмаса,  «Манчестер Юнайтед» ёки «Манчестер Сити»га ўтиши ҳақида хабарлар тарқалди. ОАВда бразилиялик футболчи собиқ жамоаси «Барселона»га қайтиши мумкинлиги ҳақида ҳам хабар тарқалди.

Неймар Францияни ушбу мамлакат чемпионати даражаси пастлиги ва Париждаги ҳаёт ўзига ёқмаётгани туфайли тарк этмоқчи. Париж клуби ушбу футболчини 2017 ёзида 222 миллион евро эвазига сотиб олган, футболчининг шартномасида бадал пули белгиланмаган. Айни вақтда футболчи жароҳатини даволамоқда. У жорий мавсумда жамоасининг барча турнирлар доирасидаги ўйинларида 30 марта майдонга тушиб, 29 гол урган.

Погба Манчестерга 2016 йил августида «Ювентус»дан 105 миллион евро эвазига келганди. Марсиал эса инглизлар жамоаси сафини 2015 йил ёзида тўлдирган, у «Монако»дан 41 миллион евро эвазига трансфер қилинган.

Мавзуга оид