Жаҳон | 15:05 / 08.04.2018
5748
2 дақиқада ўқилади

Мюнстерда кафе мижозларига ҳужум қилган шахснинг ёнидан топилган автомат сохта бўлиб чиқди 

Фото: AFP

Полиция Мюнстердаги кафе мижозларига ҳужум қилган ҳайдовчининг квартирасидан Калашников автомати муляжи ва петардалар топди. Шаҳар прокуратура ва полициясининг қўшима баёнотида шундай хабар берилди. 

"Жиноятнинг эҳтимолий сабаби ҳақида ҳануз маълумотлар йўқ. Барча йўналишларда тергов тадбирлари олиб борилмоқда", - дейилади ҳужжатда. Унга кўра, квартирадан топилган АК-47 автомати "фойдаланиш учун яроқсиз" бўлган. Бундан аввал эса юк машинасидан петардалар ва тўппонча топилган.

Маълумотларга кўра, полиция кафеда ҳалок бўлган кишилар шахсини аниқлаган: бу 51 ёшли аёл ва 65 ёши эркак. Оғир жароҳат олганларнинг аҳволи яхшиланмаган. Бундан аввал 6 нафар кишининг оғир жароҳат олгани ҳақида хабар берилган эди, бироқ сўнгги баёнотда аниқ рақамлар келтирилмаган.

Шанба куни маҳаллий вақт билан соат 15:30 да Мюнстер шаҳрининг тарихий марказида юк машинасида Kiepenkerl кафеси мижозларига ҳужум қилинган. Ҳайдовчи ўз жонига қасд қилган. Икки киши ҳалок бўлган, 20 нафари жароҳат олган.

Bild нашрига кўра, ҳужум қилган ҳайдовчи - аввал судланмаган 48 ёшли ГФР фуқароси бўлиб, у руҳан носоғлом киши бўлган. Эркак бунга қадар ҳам ўз жонига қасд қилишга уринган. Юк машинаси унинг номига расмийлаштирилган. Воқеа содир бўлган жой ҳануз полиция назоратида, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари далил тўплашмоқда.

 

Мавзуга оид