Ўзбекистон | 19:30 / 09.04.2018
9646
4 дақиқада ўқилади

Ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси вазифалари нималардан иборат?

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан белгилаб қўйилишича:

а) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамгармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) юридик шахс мақомига эга бўлган, Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларига киритилган, улар бўйича молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари белгиланган лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштиришни таъминлашга даъват этилган молиявий муассаса ҳисобланади;

б) қуйидагилар:

давлат ривожланиш дастурларига киритилган лойиҳаларни навбатдаги ойда молиялаштириш учун ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда давлат мақсадли ва бюджетдан ташқари жамғармаларининг маблағлари ҳар ойда, тегишли ойнинг 1-санасигача бўлган муддатда;

Жамғарма активларини бошқаришдан, шу жумладан, унинг валюта маблағларининг бўш турган қолдиқларини жойлаштиришдан олинган даромадлар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар Жамғармага ўтказилади;

в) Кузатув кенгаши томонидан берилган ваколатлар доирасида Жамғарманинг операцион фаолиятини бошқариш, шу жумладан, шартномалар (контрактлар) тузиш, тўловларни амалга ошириш бўйича ваколатлар Жамғарма Ижро этувчи директорининг ўринбосари зиммасига юкланади.

Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ҳисобига молиялаштиришни назарда тутувчи лойиҳаларни кўриб чиқиш ҳамда уларни давлат ривожланиш дастурларига киритиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

ривожланиш давлат дастурларига киритилган лойиҳаларни молиялаштириш учун мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети (кейинги ўринларда Давлат бюджети деб аталади), давлат мақсадли ва бюджетдан ташқари жамғармалари (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги "Тоза ичимлик сув" жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси) (кейинги ўринларда давлат мақсадли ва бюджетдан ташқари жамғармалари деб аталади) маблағлари ҳисобига шакллантирилган Жамғарма маблағларини жамлаш ва тақсимлаш;

Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларига киритилган, молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари белгиланган лойиҳаларни молиялаштириш;

инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва молиялаштиришнинг барча босқичларида коррупцияга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва инвестициялаш жараёнларига жорий этиш.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, давлат мақсадли ва бюджетдан ташқари жамғармалари ҳар йили август ойигача ривожланиш давлат дастурларига киритилган лойиҳаларни шакллантириш ва молиялаштириш учун уч йиллик даврда маблағлар тушишининг прогноз ҳажмларини Жамғармага тақдим этадилар.

Жамғарма Ижро этувчи директори Жамғарманинг тасдиқланган тузилмага мувофиқ малакали кадрлар билан тўлдирилишини бир ой муддатда таъминлайди.

Тошкент шаҳри ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда - Жамғарма Ижро этувчи дирекциясини жойлаштириш учун бинолар ажратиш тўғрисида ўн кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси (С.Р.Холмурадов) манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда - Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси маблағларини шакллантириш, тақсимлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Жамғарма Кузатув кенгашига киритади.

Мавзуга оид