Ўзбекистон | 16:18 / 12.04.2018
4092
2 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов Греция элчиси билан музокаралар ўтказди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2018 йилнинг 12 апрель куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Греция Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Москва шаҳрида) этиб тайинланган Андреас Фриганасни қабул қилди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ишонч ёрлиқларини топшириш маросимидан сўнг вазир элчини Ўзбекистонга тайинлангани билан табриклади ва юқори ва масъулиятли лавозимда муваффақиятлар тилади.

Суҳбат давомида турли соҳалардаги Ўзбекистон-Греция мулоқотини янада мустаҳкамлашнинг истиқболли йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда икки томонлама муносабатлардаги янги ижобий ўзгаришлар қайд этилди. Хусусан, сўнгги ярим йил ичида ишбилармон доира вакиллари иштирокида иккита бизнес форуми ўтказилди, Ўзбекистон ва Афина савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди, ўзаро манфаатли лойиҳалар тайёрланмоқда, шунингдек, икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида алоқалар фаоллашди.

Таъкидланганидек, шу кунларда мамлакатда бўлиб турган етакчи Греция компаниялари делегацияларининг кўп сонли учрашувлари ҳамкорликнинг янги жабҳаларини излаш имконини яратади.

Суҳбатда ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар, Савдо-иқтисодий ва фан-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўмита мажлисларини қайта бошлашга ўзаро қизиқиш билдирилди, бу эса ҳамкорликнинг мавжуд улкан салоҳиятни аниқлаш ва ҳаётга татбиқ этиш имконини яратиши қайд этилди.

Айрим халқаро ва минтақавий муаммоларни муҳокама қилиш доирасида БМТ ва бошқа кўп томонлама тузилмаларда ўзаро қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди.

Мавзуга оид