Жаҳон | 09:12 / 14.04.2018
10346
2 дақиқада ўқилади

Ғазодаги тўқнашувларда неча нафар фаластинлик ўлдирилгани маълум бўлди

Фото: Reuters

Ғазо секторининг Исроил билан чегарасида Исроил хавфсизлик кучлари билан тўқнашувларда камида 32 фаластинлик ўлдирилди, тахминан 3,5 мингга яқини жабрланди. Бу ҳақда Фаластиннинг БМТдаги доимий вакили Риёд Мансур хабар берган.

Унинг хабар қилишича, жума куни Хавфсизлик Кенгашига раислик қилаётган перулик дипломат Густаво Меса-Куадро билан учрашиб, унга “босиб олинган ҳудудда Фаластин халқига нисбатан амалга оширилаётган шафқатсиз хатти-ҳаракатлар” ҳақида сўз юритилган мактубни берган.

"Бугун (жума куни) яна икки фаластинлик ҳалок бўлди, тахминан 900 киши жабрланди. Шу тариқа, сўнгги икки ҳафта давомида фаластинлик камида 32 инсон ўлдирилди, тахминан 3500 киши жабрланди", - дея айтиб ўтди Мансур. Фаластин томони мактубига кўра, жароҳат олганлар орасида – 445 бола ва 152 аёл. "106 киши оғир ёки ўта оғир аҳволда қолмоқда", - дейилади ҳужжатда.

Риёд Мансур Исроилни болалар ўлими учун жавобгарликка тортишни талаб қилиб, Фаластин Хавфсизлик Кенгашидан тегишли қадамларни кутаётгани ҳақида таъкидлаб ўтди. "Биз бошқа вариантларни ҳам кўриб чиқмоқдамиз. Бу Женевадаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш, Бош Ассамблея ёки Халқаро жиноий суд бўлиши мумкин. Фаластин халқини шунчаки ташлаб қўйиб бўлмайди. Халқаро ҳамжамият ўз мажбуриятларини бажариши, мустақил ва шаффоф суриштирувни ўтказиши ҳамда жиноятларни содир этганлар суд олдида жавоб беришини кафолатлаши шарт", - дея айтиб ўтди дипломат.

Ўз навбатида, Кувайтнинг БМТдаги доимий вакили Мансур Айёд ал-Утайбийнинг маълум қилишича, келаси ҳафта Хавфсизлик Кенгаши аъзоси бўлган мамлакати Фаластин ҳудудларидаги вазият бўйича йиғилиш ўтказиш мурожаати билан чиқиши мумкин. Унинг хабар беришича, АҚШ ўтган ҳафта Ғазо секторида одамларнинг оммавий ҳалок бўлиши бўйича ҳолатни мустақил текширувдан ўтказишга чақирилган баёнот қабул қилинишини блоклаб қўйди.

Мавзуга оид