Ўзбекистон | 21:23 / 19.04.2018
46681
3 дақиқада ўқилади

Тошкент ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига қўшиладими?

Фото: Газета.Ру

Ўзбекистон ташқи сиёсатида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон билан ҳарбий-техникавий алоқаларни янада мустаҳкамлашни рағбатлантирмоқда. Шунга кўра, Ўзбекистон қўшни давлатлар билан ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича иккитомонлама келишувларни имзолаши кутилмоқда. Бу ҳақда 18 апрел куни Ўзбекистон Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони генерал-майор Аҳмад Бурхонов маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, бу шароитда Россия республиканинг стратегик муҳим шериги сифатида ўз ўрнини сақлаб қолади.

Тошкентда жорий йилнинг 17 апрел куни МДҲ давлатлари мудофаа вазирлари кенгаши ҳузуридаги ҳаво ҳужумидан мудофаа масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи қўмита йиғилишида бирлашган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди. Генерал-майор Бурхоновнинг таъкидлашича, Ўзбекистон тез орада Қозоғистон билан мазкур масалада алоқаларни ривожлантириш мақсадида иккитомонлама ҳамкорлик шартномасини имзолаши режалаштирилган. Худди шундай шартнома Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон томонлари билан ҳам имзоланишига тайёргарлик кўрилмоқда. 

Тегишли шартномалар имзоланиши билан Ўзбекистон Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг асосий уч йўналишидан бирини тўлдириб туриши мумкин. Яъни, тизим биринчи галда, ғарбий - Россия ва Белорусь Республикаси, иккинчи йўналишда жанубий - Арманистон ҳамда Марказий Осиё йўналишида - Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонни ўз ичига олиши назарда тутади. Иккитомонлама ҳамкорлик шартномалари имзоланиши кутилаётган давлатларнинг 3таси эса Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо мамлакатлар ҳисобланади.

Ушбу шартномаларнинг амалга оширилиши чегара ҳудудида ҳаво кучларини аниқлаш, умумий ҳудудга кириб келувчи жисмни кузатиш имкониятини беради. Бу маълумотлар ўз вақтида тизимнинг бошқарув пультига, яъни Россияга узатилади. Юзага келган вазият Ўзбекистонни КХШТга қайтишини англатиши мумкин, аммо аъзолик тикланган тақдирда, ўзига хос келишув ва шартларни илгари сурилиш ҳақиқатга яқин бўлади. Шунга қарамай, аъзолик масаласини Ўзбекистон яқин истиқболда кўриб чиқмаса ҳам керак. 

Минтақада мавжуд С-200, «Ока», С-125 мудофаа комплексининг яроқлилигига қарамай, Марказий Осиё давлатлари замонавий ҲҲМ тизимини яратиш учун катта маблағ сарфлаши лозим. Бундан ташқари, тизимни яратишнинг технологик томони мавжуд. Бундай тизим Марказий Осиё давлатларида ҳам мавжуд. Эндиги масала мавжуд ресурсларни ривожлантириш, замонавийлаштиришдан иборат.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид