00:07 / 24.04.2018
10824

Эрдўған депутатлар ўртасидаги жанжалдан ранжиб парламентдан чиқиб кетди

Фото: РИА Новости

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 23 апрелда Миллий суверенитет ва болалар кунига бағишланган парламент йиғилишида ҳукмрон Адолат ва ривожланиш партияси ва мухолиф Халқ-республика партияси депутатлари ўртасидаги даҳанаки жанжални “шармандалик” деб атаб, йиғилишни тарк этди.

Парламент йиғилишида мухолиф партия етакчиси Камол Қиличдорўғлу Туркияда фавқулодда вазият тартиби узайтирилишини “тўнтарув” деб атаган. Бу эса ҳукмрон партия депутатларининг салбий муносабатига сабаб бўлган. Улар мухолифат етакчисини давлат тўнтарувига уриниш вақтида қўрқоқликда айблашган. Мухолиф партия вакилларидан бири тўнтарув вақтида мамлакат бош вазири Бинали Йилдиримни ҳаракатсизликда айблаган. Депутатнинг айтишича, Йилдирим тўнтарув вақтида гўёки мамлакат шимолидаги туннелда яшириниб ўтирган.

Баҳс бош вазир Йилдиримнинг қизғин нутқи билан тугаган. У тўнтарув вақтида исёнчиларнинг ҳаракатларини тўхтатган авиацияни бошқарган.

Шундан кейин Эрдўған байрам куни чиққан жанжални “шармандалик” деб йиғилишни тарк этган.

Туркиядаги сиёсий вазият ўтган ҳафтада Эрдўған мамлакатда 24 июнда муддатдан аввалги президент ва парламент сайловлари ўтишини эълон қилгандан кейин кескинлашиб кетди. 

Top